Бокснинг супер-оғир вазнида IBF, WBA ва WBO камарлари эгасига айланган британиялик Энтони Жошуа украиналик Владимир Кличкога қарши жанг туфайли 15 млн фунт миқдоридаги маблағ ишлаб олган. Бу ҳақда Британиядаги The Mirror хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, икки боксчига жангдаги иштирок учун 10 млн фунтдан гонорар тайинланганди. Аммо бу миқдор баҳс трансляциясидан тушган маблағ кўп бўлгани учун ортган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Жошуа ва Кличко ўртасидаги чемпионлик жанги трансляциясидан тушган маблағ 48 млн фунтни ташкил этган, бу эса британиялик боксчининг даромадига яна 5 млн фунт қўшган.

Энтони Жошуа Владимир Кличкога қарши кечган йил жангининг 11-раундида рақибини нокаутга учратди.

Бундан олдинроқ бу 27 ёшли боксчи Кличко билан реваншга қарши бўлмаслигини билдирганди.