Парламентнинг қуйи палатаси депутатлари паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни юмшатиш назарда тутилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабарига кўра,  депутатлар муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилишмоқда.

Муҳокама этилган навбатдаги қонун лойиҳасида эса маъмурий жавобгарлик фуқаролар манфаатларини таъминлаш мақсадида енгиллаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасида паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима белгиланган. 

Фуқаро албатта паспортга эга бўлиши керак, паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспортга эга бўлиш, вақтинчалик ёки доимий прописка бўлмаслиги, паспортни қониқарсиз ҳолда сақлаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан 3 бараваригача бўлган миқдордаги жарима солинишига сабаб бўлади.

Жариманинг юқори миқдордалиги, (450 минг сўм атрофида)фуқароларнинг, айниқса кам таъминланган оилалар аъзолари бўлган фуқароларнинг паспорт олмаслигига ёки уларни амал қилиш муддати ўтганидан кейин алмаштирмасликни афзал кўришларига олиб келиш ҳолатлари кузатилган.

Депутатлар ушбу масалани жорий йил бошидан ҳар ойда ҳудудларда ўтказилган сафарлари давомида батафсил таҳлил қилишган. Халқ билан бевосита суҳбатлашиш, одамлар билан мулоқот қилиш, уларни ташвишга солаётган масалаларни аниқлаш ўз натижасини берган.

Парламент аъзолари жарима миқдорининг энг паст меъёрини аниқлаштирган ҳолда унинг миқдорини пасайтириш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқишган.