Шимолий Корея ҳукумати Жанубий Корея қирғоқлари яқинида «Карл Винсон» билан бирга жойлаштирилган АҚШ атом сувости кемаси чўктириб юборишлари мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Ёнҳап агентлиги хабар тарқатди.

«Агар Michigan ҳаракатланишда давом этса, у бошқа сув сатҳига чиқмаслиги ва сувости арвоҳига айланиши мумкин. Корея яримороли ҳудудига атом сувости кемаси жойлаштирилиши бизнинг республикамиз учун таҳдид ҳисобланади»,— деган Пхеньяндагилар.

29 апрель куни Пхеньян навбатдаги марта баллистик ракета синовини ўтказди. ОАВ маълумотларига кўра, синов муваффақиятсиз чиққан.

Бу ҳодиса АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Вашингтон Пхеньяннинг ҳаракатларига қарши куч қўллаши мумкинлигини айтганидан бироз вақт ўтиб содир бўлганди.

Бу хабарлардан сўнг Россиянинг Узоқ Шарқдаги ракетага қарши мудофаа тизими жанговар шай ҳолатга келтирилганди.

Эндиликда бунгача Пхеньян билан муносабатларда қўшимча чоралар қўллашга келишиб олган АҚШ, Япония ва Жанубий Корея куч ишлатиш эҳтимолларини истисно этишмаяпти, бу иттифоқчилар КХДРга босим ўтказишда Хитойнинг кўмагидан фойдаланмоқчи.

Ўтган ҳафтада Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Сариқ денгизда биргаликдаги машғулотларни бошлаганди. Ўтган ҳафта якунида Американинг «Карл Винсон» авиаташувчиси Жанубий Корея кемалари билан ҳамкорликдаги манёврларни ўтказди. Икки эсминец ва ракета крейсерини ҳам ўз ичига олган зарба бериш гуруҳи Шимолий Корея ракеталарини кузатиш ва тўхтатиб қолишни ишлаб чиқди.

25 апрель куни дунёдаги энг йирик сувости кемаси Michigan Корея Республикаси жанубидаги Пусан портига кирганди.