Бугун Лондонда футболдаги энг машҳур ва муросасиз дербилардан бири – Шимолий Лондон дербиси ўтказилади. Бу баҳсдаги ғалаба «Тоттенҳэм»га мавсумни «Арсенал»дан юқорида якунлашни таъминлайди. Бу орқали «шпорлар»нинг 22 йиллик орзуси ушалиши мумкин!

Лондон шаҳри шимолидаги бу икки клуб қарама-қаршилиги тарихи узоқ ўтмишга, ўн тўққизинчи асрга бориб тақалади. 1887 йилга. Илмий-техник жараёнлар энди бошланган йилларга.

Дмитрий Менделеев ҳаво шарида учиб кўрган, Константин Циолковский Москвада ҳавода учиш мумкинлиги ҳақида доклад қилган, Мексикада ўзи зарядланувчи винтовкага патент олинган, Адольф Фик контакт линзаларни кашф этган, АҚШда эса тарихдаги илк граммофон тақдим этилганди.

«Арсенал» VS «Тоттенҳэм»

1887 йилнинг 19 ноябрида бўлажак душман жамоаларнинг илк учрашуви ташкиллаштирилган, бу учрашув якунига 15 дақиқа қолганида, ҳисоб «шпорлар» фойдасига 2:1 бўлиб турган ҳолатда «канонирлар» жамоаси раҳбарияти талаби билан (ўшанда ҳозирги «Арсенал»нинг номи «Дайал Сквер» бўлган - таҳр.), майдон ёмон ёритилгани баҳонаси билан тўхтатилганди.

Икки жамоа мухлислари ўртасидаги нафратга етарлича сабаблар бор. Улардан яна бири ҳудудий қарама-қаршилик. «Тоттенҳэм» азалдан Лондон шимолида «яшайди». Улар учун «Арсенал» шаҳарнинг камбағал қисми, жануби-шарқидан келиб қолган иммигрантлардир. Лекин «Арсенал» нисбатан марказга яқинроқ жойлашади ва метронинг энг шимолий бекатини ўз номи билан қайта номлайди. Натижада «Арсенал» «Тоттенҳэм»ни рақобатда ортда қолдиради, шаҳарнинг шу қисмидаги бошқа туманлардаги мухлисларни ҳам оғдириб олади. 1913 йилда «Тоттенҳэм» Футбол ассоциациясига шикоят қилган, аммо ассоциация «Арсенал» томонидан тўла эгалланганди.

Жамоаларнинг ҳақиқий душманлиги 1919 йилда бошланди. Ўшанда Биринчи жаҳон уруши якунлангач, Англия футбол лигаси биринчи дивизион жамоалари сонини 20тадан 22тага оширишга қарор қилди. Битта ўринга «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» даъвогар бўлиб қолади ва якунда «Арсенал» биринчи дивизионда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Аслида урушдан олдинги чемпионатда, иккинчи дивизионда «Арсенал» бешинчи ўринда бўлган, «Тоттенҳэм» иккинчи дивизион ғолиби бўлганди, аммо «Арсенал» хўжайини Ҳарри Норрис Футбол ассоциацияси раҳбари Жон Маккен билан танишлиги учун «Тоттенҳэм» иккинчи дивизионга равона қилинганди. Бу тарих Англия футболи тарихидаги энг йирик коррупцион можарога айланиб кетади. Клублар 20-асрни турли даражада ўтказишди ва 21 аср кириб келмагунича «Тоттенҳэм» мухлислари узоқ вақтгача «лаънатилар» устидан ғалаба туя олишмади.

Яна бир сабаб - ўлим сабаби. 1908 йилда «Тоттенҳэм» илк марта Жанубий Америкага боради. Аргентина ва Уругвай бўйлаб турне вақтида жамоа 7та ўйин ўтказиб, фақат бир мағлубият қайд этади. Кема экватор чизиғини кесиб ўтаётганида унда либослар карнавали ўтказилади. Унда «шпорлар»нинг Робинзон ва Жумабой либосида кийинган икки футболчиси ғолиб чиқади. Уларга мукофот сифатида тўтиқуш топширилади. Лондонга қайтишгач, тўтиқушни клуб офисига қўйишади, кейинроқ у жамоа талисманига айланади. 11 йил ўтиб, «Арсенал» биринчи лигада «Тоттенҳэм»нинг ўрнини тортиб олган йили севимли тўтиқуш ўлиб қолади. Бунинг учун эса кечиришмайди!

«Шпор» «Арсенал»дан 2008 йилдан бошлаб устун кела бошлади, ўшанда «Тоттенҳэм» «Арсенал»ни Англия Лигаси Кубоги ярим финали жавоб учрашувида 5:1 ҳисобида енгган, жамоа ўшанда финалда «Челси»ни ҳам доғда қолдириб, ҳозирча энг охиргиси бўлиб турган совринини қўлга киритганди. Бу учрашувгача «Арсенал» 9 йил давомида ҳеч қайси турнирда «Тоттенҳэм»га ютқазмаганди. «Канонирлар» «шпорлар»га ўз майдонида 17 йилдан ортиқ вақт давомида ютқазмайди, 2010 йилнинг 22 ноябригача.

Охирги марта «Тоттенҳэм» «Арсенал»ни турнир жадвалида 1994/95 йилги мавсумда ортда қолдирганди. Кейинроқ шундай мақол ҳам пайдо бўлган: «Темза суви ортга оқа бошлаши «Тоттенҳэм»нинг «Арсенал»ни турнир жадвалида ортда қолдиришидан эртароқ рўй беради».

Ўтган мавсумда бу рўй бериши ҳам мумкин эди, аммо Почеттинонинг ёш бандаси чемпионликни «тулкилар»га бой бергач, қолган ўйинларни ўта тушкунликда ўтказди ва чемпионшипга тушиб кетиб бўлган «Ньюкасл»га 1:5 ҳисобида мағлуб бўлиб, асосий рақибларидан яна ортда қолди. Маурисио Почеттино ўйиндан кейин матбуотга юзланади: «Бу мавсум учун мухлисларимиздан узр сўраймиз. Ўйлайманки, улар бугун майдонда рўй берган ҳодисани кўришга нолойиқ эдилар. Жуда афсусланарли, нима бўлганини тушуниш қийин. Жуда хафаманки, бизнинг мухлисларимиз бунга лойиқ эмасди. Биламан, «шпорлар» учун мавсумни «Арсенал»дан юқорида якунлаш муҳим. Энди буни кейинги мавсумда қилишга уриниб кўрамиз».

Бугунги кун

Жамоалар олдиндаги учрашувда турлича руҳий ҳолатда етиб келишмоқда. «Тоттенҳэм» ўтган ҳафтада Англия Кубоги ярим финалида мағлуб бўлиб, антирекорд қайд этди (7 марта), «Арсенал» эса «Сити»ни енгиб, кейинги 5 йил ичида учинчи марта финалга чиқди. «Манчестер Сити» ҳозирда ЕЧЛга йўлланма берадиган тўртинчи ўринда жойлашган, «канонирлар» эса бу ўринда 5 очко ортда қолмоқда. «Тоттенҳэм» ва «Арсенал» чемпионатнинг ўтган турида бир хил ҳисобларда ғалабалар қайд этди (1-0), икки жамоанинг ҳам голлари охирги ўн дақиқаликларда урилди. «Шпорлар» бу ғалаба орқали бирданига икки рекордини янгилади – мавсумда 74 очко ва 22 ғалаба (33 турда). Қаторасига 8 ғалаба – бу жамоа тарихида иккинчи яхши кўрсаткич, бундан яхшироқ натижа 1960/61 йилги мавсумда қайд этилганди, ўшанда «Тоттенҳэм» охирги марта Англия чемпиони бўлган, жамоа 11 учрашувда кетма-кет ғалабалар қайд этганди.

Турнир жадвалида жамоаларни 14 очко ажратиб турибди, аммо «канонирлар»да захирадаги ўйин ҳам бор. «Тоттенҳэм» мухлислари бу учрашувни интизорлик билан кутишмоқда, бу ушбу «Уайт Ҳарт Лэйн» стадионидаги охирги Шимолий Лондон дербиси бўлиб қолиши мумкин, жамоа янги стадион қурмоқда. Қолаверса, бу учрашувда ғалаба қозонилса, «шпорлар» 22 йилдан бери илк марта мавсумни  «канонирлар»дан юқорида якунлаши кафолатланади.

«Арсенал»нинг «Лестер»га қарши ўйинида жамоа сардори Лоран Косельни жароҳат олган. Учрашувда Шкодрана Мустафининг ҳам ҳаракат қилиши савол остида. «Лестер»га қарши ўйиндан кейин Арсен Венгер қийин график учун шикоят қилганди, у футболчиларнинг ҳолати ҳақида қайғураётганини айтиб, ўз келажаги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортганди. «Арсен «Арсенал»ни тарк этадими?» саволи ҳозирча очиқ қолмоқда.

«Тоттенҳэм»да йўқотишлар йўқ, қайтанга жароҳатдан тузалган Дэнни Роуз сафга қайтмоқда, ушбу футболчи жамоадаги дебют голини айнан «канонирлар» дарвозасига йўллаганди.

Бу дерби арафасида жамоалар олдида турлича вазифалар турибди: «шпорлар» «Челси» билан чемпионлик пойгасидаги иштирокини давом эттириши керак, «канонирлар» Чемпионлар лигасига йўлланмага эга бўлиш учун курашни давом эттириши керак. Кўҳна «Уайт Ҳарт Лэйн» стадионида футбол тарихидаги энг яхши мураббийлардан бири янги авлоднинг энг яхши ва истиқболли менежерларидан бирига қарши чиқади.

1887 йилдан буён жамоалар барча турнирлар доирасида, жумладан ўртоқлик учрашувлари ва турли кубок ўйинларида жами 260 марта учрашган, 105 ғалаба «Арсенал»да, 92 ғалаба «Тоттенҳэм»да, 63 дуранг.

Дерби тарихидаги энг яхши бомбардирлар: Билли Минтер ва Бобби Смит («Тоттенҳэм») – 9тадан гол, Робер Пирес, Алан Смит ва Эммануэль Адебайор («Арсенал») – 8тадан гол.

Эммануэль Адебайор ва Жимми Робертсон Шимолий Лондон дербисида икки жамоа сафида туриб ҳам гол урган футболчилар саналишади.

Ҳозир ҳам фаолиятини шу жамоаларда давом эттираётган энг яхши дерби тўпурарлари: Кейн («Тоттенҳэм») – 5 гол, Уолкотт («Арсенал») – 4 гол.

Шимолий Лондон дербисида майдонга тушиш бўйича рекордчи  Дэвид О’Лири («Арсенал») – 35 ўйин.

Шимолий Лондон дербисида атиги 3 марта ҳет-трик қайд этилган. Уларнинг муаллифлари: Терри Дайсон («Тоттенҳэм Хотспур»), Тед Дрэйк ва Алан Сандерленд («Арсенал»).

Икки жамоа ўртасидаги премьер-лиганинг сўнгги уч учрашувида ғолиб жамоа аниқланмаган. Уччала учрашувда ҳам дуранг қайд этилган. Умуман олганда «Арсенал» «Тоттенҳэм» устидан премьер-лига доирасида сўнгги марта 2013/2014 йилги мавсумда айнан «Тоттенҳэм» уйида ғалаба қозонишни уддалаганди. Уч мавсумдирки, Венгер жамоаси бу ишни уддалай олмаяпти. Умуман олганда «Арсенал» «Уайт Ҳарт Лэйн»да кечган сўнгги 10 учрашувнинг фақат иккитасида ғалаба қозонган (4Д, 4М).

Демак, Тошкент вақти билан соат 20:30да Лондондаги «Уайт Ҳарт Лэйн» стадионида!

Тахминий таркиблар