Иккинчи Жаҳон уруши йилларида турли миллатларга мансуб бўлган 15 нафар болани ўз қанотига олган Шоаҳмат ва Баҳри Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали пойтахтга қайтарилади. Бу ҳақда «Nuz.uz» нашри Республика халқаро маданият марказига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

2008 йилда Халқлар Дўстлиги сиймоси ҳисобланган ушбу ҳайкал Тошкент шаҳрининг чекка қисмига кўчирилган эди. Ҳозирда ҳайкални шаҳар марказига қайтадан ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Шомаҳмудовлар оиласининг ҳайкали қаерга ўрнатилиши борасида бир неча таклифлар берилган. Байналминал миллий маданият маркази ҳайкал Дўстлик боғига (собиқ Бобур)кўчирилишига умид қилмоқда. 

Қайд этиш керакки, ҳозирда Дўстлик боғи олди қисмида жойлашган бино Республика Байналминал миллий маданият маркази ҳисобланади ва бу ерда барча миллатлараро турли байрам, маросимлар ўтказиб келинмоқда.

Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида Раҳмат Файзиевнинг «Его величество Человек» романи асосида кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» киноси тасвирга олинган ва бу фильм ҳанузгача турли халқлар орасида севиб томоша қилинади. Асраб олинган болалар орасида рус, беларус, молдаван, яҳудий, латиш, татар, қозоқ миллатларига мансуб болалар бўлган. 

Халқлар дўстлиги монументи Тошкентда 1982 йилда ўрнатилган. Унинг муаллифлари — ҳайкалтарош Д.Б. Рябичев ва архитекторлар Л.Т. Адамов, С.Р. Одилов.