Танзания президенти Жон Магуфули мутахассислиги ҳақидаги диплом ва гувоҳномалар қалбаки бўлган 10 мингга яқин амалдорни ўз лавозимидан бўшатди. Бу ҳақда rfi Afrique радиостанцияси хабар бермоқда. 

Радиостанциясининг маълум қилишича, Магуфули 2015 йилда бошланган ҳукумат терговининг якуний ҳисоботини олгандан кейин 9 минг 932 амалдорнинг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилди. Президент бўшатилган амалдорларнинг ўрнини қисқа муддатларда малакали хизматчилар эгаллашини айтди ва ОАВга давлат хизматидан четлатилган барча шахсларнинг рўйхатини тарқатиш илтимоси билан мурожаат қилди.

Маълум қилинишича, Магуфули 2015 йилда президент бўлгандан кейин коррупция ва фирибгарликка қарши қаратилган "шок терапияси" сиёсатини юргазишни бошлаган. Унинг бу йўналишда қўллаган кескин чоралари "тингатинга", яъни маҳаллий суахили тилидан таржима қилинганда "бульдозер" деб атала бошланган.

Дар ус-Саломнинг сиёсий фанлар университети муаллими Бенсон Баранинг айтишича, президентнинг бу қарори жуда зарур эди.

"Ўйлайманки, президентнинг 10 мингга яқин амалдорни бўшатиш қарори давлатнинг манфаатлари йўлида қабул қилинган. Давлат хизмати соҳасини тартибга солиш керак эди ва президент айнан шуни амалга оширди", деб айтди Бара.

Унинг айтишича, Танзания кундалик муаммоларга жиддий қарайдиган ва мамлакат ҳақида қайғурадиган кучли президентга муҳтож эди. "Бизга муммоларни жиддий қабул қиладиган президент керак эди", деб айтди Бара.