Тошкентда бокс бўйича йирик халқаро мусобақа бўлиб ўтмоқда. 30 апрель – 7 май кунлари “Ўзбекистон” универсал спорт мажмуасида Халқаро бокс ассоциацияси – AIBA мусобақалар тақвимига киритилган катталар ўртасида Осиё биринчилиги бўлиб ўтади. 

Чемпионатда Осиё бокс конфедерацияси – ASBC ташкилотига аъзо 29 мамлакат - Ўзбекистон, Хитой,  Ҳиндистон, Эрон, Иордания, Қозоғистон, Жанубий Корея, Мўғулистон, Покистон, Шри-Ланка, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Афғонистон, Малайзия, Бутан, Ливан, Непал, Фаластин, Қатар, Сингапур, Таиланд, Индонезия, Филиппин, Япония, Тайвань, БАА, Ироқ ҳамда Сурия бокс терма жамоалари ўзаро куч синашади. Хориждан келган 200га яқин боксчи қитъада энг номдор боксчи номи учун кураш олиб боради.

Халқаро бокс қоидаларига биноан жанглар 10та – 49, 52, 56, 60, 64, 69, 75, 81, 91 ва +91 кг вазн тоифаларида ўтказилади. Боксчилар медаллар учун курашишдан ташқари шу йилнинг 23 августидан – 4 сентябригача Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун баҳс олиб боришади. 

Осиё қитъаси боксчилари учун ягона саралаш турнирида ҳар бир вазн тоифасидан 6 нафардан энг кучли боксчи – жами 60 спортчи Жаҳон биринчилигида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Бугун очилиш маросимидан кейин 52, 60, 69 кг вазн тоифаларидаги боксчиларнинг саралаш баҳслари бўлиб ўтади.