АҚШ президенти Дональд Трамп 29 апрелдаги нутқида АҚШ манфаатларига жавоб бермайдиган барча келишувларни бекор қилиб, янги музокаралар бошлашга ваъда берди.

"Биз янги музокаралар бошлаймиз ва АҚШ манфаатларига жавоб бермайдиган барча келишувларни бекор қиламиз", деб айтди Трамп Гаррисберг шаҳрида (Пенсильвания штати) тарафдорлари олдида сўзлаган нутқида.

Трамп, жумладан, Мексика ва Канада билан эркин савдо келишуви (НАФТА) бўйича янги музокаралар бошлашга ваъда берди. У бундан ҳаммага яхши бўлишига умид билдирди. 

"Кўп йиллар давомида биз НАФТА’да Канада ва Мексикага нисбатан нотўғри томонда бўлганмиз. Бунга ўзимиз йўл қўйганмиз. Ҳозир биз янги музокаралар бошламоқчимиз. Агар биз компанияларимиз ва ишчилармиз учун яхши келишувга эриша олмасак, унда НАФТА’нинг амал қилишини тўхтатамиз", деб айтди Трамп. 

Трамп, шунингдек, Транс-Тинч океани ҳамкорлиги бўйича келишувни ҳам "даҳшатли ва фалокатли" деб атади. Трамп президентлик лавозимига киришиши биланоқ бу келишувдан чиқишга қарор қилганди.

Трамп шу билан бирга яқинда АҚШда мамлакатга хориждан алюминий ва пўлат етказилиши бўйича антидемпинг (демпинг – бозорни эгаллаш учун нархларни сунъий равишда пасайтириш) терговлари бошланганини эслатиб ўтди. "Биз ҳар бир битимни ўрганмоқдамиз. Агар бирор нотўғри ҳолатни аниқласак, зудлик билан иш кўрамиз", деб айтди Трамп.