АҚШ президенти Дональд Трамп президентлик лавозимидаги илк 100 куни муносабати билан сўзлаган нутқининг бошини АҚШ оммавий ахборот воситаларини танқид қилишга бағишлади ҳамда уларга нисбатан яна "ёлғончи ОАВ" деган иборани қўллади.

Трамп Оқ уй ҳузуридаги мухбирлар уюшмасининг ҳар йиллик тадбирида иштирок этиш ўрнига Пеньсилванияда тарафдорлари олдида нутқ сўзлашни афзал кўрди ва шу тариқа кўп йиллик анъанани бузди. 

"Ҳозир Вашингтонда улар бизни кўрмоқдалар ва бу кеча биз билан бўлишни истамоқдалар. Ва ҳеч нарса мени бу Вашингтон ботқоғидан 100 миль узоқликда бўлиб, сизлар билан кечани ўтказишдан ортиқроқ хурсанд қила олмайди", деб айтди президент.     

"Кечки тановул жуда-жуда зерикарли ўтадиган кўринади", деб кесатиб қўйган Трамп.

Мухбирлар уюшмаси 1914 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг махсус кечки тановулларига анъанавий тарзда АҚШ президентлари ташриф буюриб, нутқ сўзлаб келишган. Трамп эса бу анъанани бузди. Бундан ташқари, у шу куни твиттерда "Етакчи (ёлғончи) ОАВ биз эришган ютуқларни, жумладан 28 та қонунни, чегараларнинг мустаҳкамланиши ва улкан оптимизмни овоза қилишдан бош тортмоқда" деб ёзди.

Трамп охирги ойлар мунтазам АҚШнинг етакчи ОАВни, жумладан CNN телеканали ва The New York Times нашрини танқид қилиб келади. У журналистларни ҳақиқатга мос келмайдиган мақолаларни чоп этишда ва мавжуд бўлмаган манбаларга иқтибос келтиришда айблаб келади. Трамп шунингдек маълумотларнинг ноқонуний сизиб чиқиб кетишига қарши курашмоқчи.