АҚШ президенти Дональд Трамп "дўстона" телефон мулоқоти вақтида Филиппин президенти Родриго Дутертени расмий ташриф билан Вашингтонга келиш таклифини берди. Бу ҳақида Оқ уй маълумотига асосланиб, BBC хабар берди. 

Манбага кўра, президентлар Дутертенинг гиёҳванд моддаларга қарши эълон қилган уруши ва икки мамлакат муносабатлари, шунингдек Шимолий Корея томони таҳдидини муҳокама қилишган. 

Ғарб етакчилари шафқатсиз аксилнаркотик кампанияси учун бир неча марта жаҳон ҳамжамияти томонидан қораланган Филиппин етакчиси билан мулоқот қилмасликка ҳаракат қилишади, зеро бу уруш натижасида мамлакатда минглаб кишилар ҳалок бўлган.

"Президент Трамп ҳозирда ижобий йўналишда олган АҚШ ва Филиппин ўртасидаги муносабатлар муҳокамаси учун Дутертени Оқ уйга таклиф қилди", - дея хабар берилди Оқ уйда. 

2016 йилда раҳбарият тепасига келган Дутерте мамлакатдаги наркобизнес ва коррупцияни таг-туги билан йўқ қилишга, жоиз бўлса, бу йўлда миллионлаб кишилар ҳаётини қурбон қилишга ваъда берди.

Ўтган йилнинг декабрида у уч нафар гиёҳванд модда сотувчисини шахсан ўлдирганини тан олганди. 

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳалок бўлганларнинг қариндошлари таъкидлашича, кўпинча бегуноҳ ва ҳимоясиз кишилар ҳам полиция қурбонига айланмоқда. 

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Дутретенинг жиноятчилик билан курашиш усулларини танқид остига олганди. Натижада икки мамлакат ўртасидаги алоқалар кескин ёмонлашган: Филиппин етакчиси Обамани икки марта ҳақорат қилиб, ҳеч қачон АҚШга бормаслигини айтган эди.