АҚШ президенти Дональд Трамп ўз президентлигининг 100 кунлиги муносабати билан ўтказаётган турнеси давомида Пенсильванияда тарафдорлари олдида нутқ сўзлаётганда номаълум кимса у томон Россия байроқчаларини улоқтира бошлади. Бу ҳақда The Hill нашри хабар бермоқда.  

Байроқчалар Трамп ўзининг машҳур сайловолди шиори – "Яна Американи буюк қиламиз" ("Make America great agaian") иборасини айтиши билан улоқтира бошланган. Буни амалга оширган кимса шундоқ Трампнинг рўпарасида жойлашгани сабаб бу ҳолат кўплаб камералар томондан қайд қилинди.

Шунга ўхшаш ҳолат февралда ҳам юз берганди. Ўшанда Трамп нутқ сўзлаши режалаштирилган анжуманда меҳмонларга Россия байроқчалари тарқатилган. Кейинроқ маълум бўлишича, бу акцияни Аmericans Take Action ҳаракати фаоллари ташкиллаштирган. Улар Трампни ўз давлатини сотганликда айблаб, унинг зудлик билан истеъфога кетишини талаб қилишган.

Аввалроқ Трамп Оқ уй ҳузуридаги мухбирлар уюшмасининг ҳар йиллик тадбирида иштирок этишдан воз кечиб, кўп йиллик анъанани бузгани маълум қилинганди. У бунинг ўрнига Пенсильванияда тарафдорлари олдида нутқ сўзлашни афзал кўрган.