АҚШ президенти Дональд Трамп ўзидан аввалги президент Барак Обамани ўзидан кейин мамлакатда тартибсизлик қолдирганликда айблади.  

"Биз 100 кун ичида эришган тарихий тараққиёт ҳақида гапиришдан аввал, олдинги маъмурият ўзидан кейин тартибсизлик қолдирганини айтишимиз керак", деб айтди Трамп Гаррисберг шаҳридаги нутқи давомида.

Унинг айтишича, АҚШда кўплаб йиллар давомида иш ўринлари қисқартириб борилган ва заводлар ёпилган. "Сиёсатчилар бизнинг қўшинларни бошқа давлатлар чегараларини ҳимоя қилишга юборган, ваҳоланки ўз чегараларимиз ҳимоясиз бўлган", деб айтди Трамп.

Трамп Мексика билан чегарада девор қурилишини яна такрорлади ва ўз президентлигининг илк 100 куни ичида Мексика орқали АҚШга ўтувчи ноқонуний муҳожирлар оқими 73 фоизга камайганини қайд қилиб ўтди. Унинг айтишича, "иммиграция тизими АҚШ фуқаролари хавфсизлигини биринчи ўринга қўйиши керак".

"Хавотирланманг, бизда девор бўлади, у бизга керак ва биз уни қурамиз", деб айтди Трамп. Унинг айтишича, "агар демократлар қурилишга қарши чиқиб қандай ёвузликни амалга ошираётганларини билганларида, унда бу лойиҳани ҳеч қандай иккиланишсиз осон қабул қилган бўлардилар".

Трамп "аввалги жуда заиф маъмурият жуда кўп жиноий тўдаларга АҚШ чегарасини кесиб ўтишга ижозат берганини" айтиб ўтди.

"Биз бу тўдаларни енгмагунимизча тўхтамаймиз. Биз буни тезда амалга оширамиз ва уларни уйларига қайтишга мажбур қиламиз", деб қўшимча қилди Трамп.