Туркманистонда анъанага кўра бу йил ҳам апрель ойининг охирги якшанбасида туркман Ахалтекин отлари куни нишонланмоқда.

Кўрик-танлов Ашхобод шаҳридаги от спорти мажмуасида ўтказилади. Бу ерда байрамона ясантирилган отлар намойиш этилади. Юриш ғолиблари ва совриндорлари қимматли совринлар, хорижий маркадаги автомобиллар билан тақдирланади.

Анъанага кўра маросимда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов бошчилигидаги ҳукумат корпуси ҳам иштирок этади.

Апрель ойида “Туркман тулпори куни” миллий байрами ўтказилади. Ғолиб таниқли олимлар, чет эллик экспертлар ҳамда от билан шуғулланувчи мутахассислардан иборат ҳайъат аъзолари томонидан аниқланади.

Ахалтекин зотли тулпорлар гўзаллик танлови билан бирга рассомлар, ҳайкалтарошлар, заргарлар, фотосуратчилар, дизайнерлар ва телеоператорлар томонидан яратилган, Ахалтекин отлари акс этган тасвирий санъат асарлари, суратлар, амалий санъат намуналари ҳамда телекўрсатувлар намойишини ўз ичига олган ижодий асарлар танлови ўтказилади. Бу байрам орқали хорижликлар эътиборини янада кўпроқ жалб этиш кўзда тутилган.

Зотдор отга Ахалтекин номининг қўйилишида икки сўз асос бўлган — Ахал (Туркманистондаги тарихий вилоят) ва теке (туркман қабиласи, Ахал ҳудудида яшовчилар).

Олимлар бу зотнинг қадимийлиги 5 минг йилни ташкил этишини айтишади. 

Туркманистондаги Ахалтекин отларининг сони 3 мингдан ортади ва бу отлар ўзининг зотдорлиги, гўзаллиги, келишгани билан ажралиб туради.

Ахалтекин отлари Туркманистонда ўзига хос ифтихор рамзига айланган, давлат рамзининг марказидан ўрин олган ва қатор хорижий давлат раҳбарларига энг олий ҳадя сифатида тортиқ этилган.