2017 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Ашхобод шаҳрида «Марказий Осиё + Япония» Мулоқоти иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг олтинчи кенгаши ишида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Форумда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этишган.

«Савдо ва инвестиция соҳаларида, жумладан қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва логистика тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги минтақавий ҳамкорликни жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди», — дейилган ТИВ хабарида.

Олти давлат ТИВ раҳбарлари минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва халқаро майдонда ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашишган.

Кенгаш якунларига кўра Қўшма баёнот ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги «Йўл харитаси» қабул қилинган.