АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Сурия ва Ироқда амалга оширган авиазарбалари оқибатида 2014 йилдан шу кунгача 352 фуқаро ҳалок бўлган. Бундай маълумотлар коалициянинг расмий ҳисоботида келтирилди.

Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақидаги янги ҳисоботга аввал ҳисобга олинмаган, 2015 йилдан ҳозиргача ҳалок бўлган 80 киши киритилди. Бундан ташқари, коалиция 2016 йил ноябридан 2017 йил мартигача бўлган даврда 45 кишининг ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Март ойида 3 та авиазарба оқибатида умумий ҳисобда 26 киши ҳалок бўлган.

"Биз фуқаролик шахсларининг ҳалок бўлганидан афсусдамиз ҳамда уларнинг оилалари ва бу зарбалардан жабрланган барчага ўз ҳамдардлигимизни билдирамиз. Бу қасддан қилинмаган", деб айтилди коалиция баёнотида. Ҳисоботга кўра, коалиция 2014 йил августидан 2017 йил мартигача Сурия ва Ироқда умумий ҳисобда 20205 та авиазарбани амалга оширган.

Бироқ Reuters ахборот агентлигининг таъкидлашича, ҳуқуқ ҳимоячиларининг баҳолашича, авиазарбалар натижасида ҳалок бўлган тинч аҳоли сони расмий маълумотлардагидан анча кўпроқдир ва 3 мингдан кўпроқни ташкил қилади.

1 апрелда Пентагон коалиция авиазарбалари оқибатида 229 фуқаро ҳалок бўлганини тан олган ҳисоботни чоп этганди. Улардан бир қисми Мўсулни озод қилиш операцияси вақтида ҳалок бўлган.