Хусусий тадбиркорлар валюта тушумини давлатга мажбурий сотишдан озод қилинади. Бу қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг «Хусусий тадбиркорларнинг ўзлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори мустаҳкамланган.

Бироқ, янги ҳужжатга кўра, бу қоида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ёввойи ўсувчи ўсимликлар, мис ва мисдан ясалган маҳсулотлар, шунингдек табиий газ экспорт (жумладан транзит) қилувчилар учун амал қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорга кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий валютадаги тушумларини давлатга сотиш мажбуриятлари тартиби ўзгартирилган эди.

2017 йил 1 февралидан бошлаб марказлашмаган ҳолда экспорт билан шуғулланувчи корхоналар банкларга валюта тушумининг 50 фоизини эмас, 25 фоизини сотишади.

Қайд этиш жоизки, 16 хил товар ва хизматлар учун эски қоидалар сақланиб қолинган. Улар учун валюта тушумини сотиш мажбурияти ҳамон 50 фоизлигича қолмоқда. Бу рўйхатда буғдой, олтингугурт, табиий газ ва нефт-газ соҳасининг бошқа маҳсулотлари (шунингдек, транзит), уран, полиэтилен, полипропилен, қора металлар, мис ва рух, водород, инерт газлар ва бошқа нометалл элементлар, қимматбаҳо бўлмаган металлар, металлокерамика, авиатранспорт хизматлари, темир йўл транспорти хизматлари, телекоммуникацион ва банк хизматлари кўрсатиб ўтилган.