Одам бошини бир танадан иккинчисига кўчириб ўтказишдек оламшумул мақсадини билдирган италиялик нейрожарроҳ Сержио Канаверони кўпчилик эсласа керак. Ўша баёнотдан кейин ҳеч қандай янгилик рўй бергани йўқ, бироқ шу давр мобайнида жаноб Канаверо нафақат бошни кўчириб ўтказиш бўйича операцияга тайёрланган, балки янада кенг қамровли — бош мияни кўчириб ўтказиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиққан.

Сержионинг баландпарвоз режасидан ташқари, унинг илк мижози ҳам ўзгарган. Илгари «орқа мия атрофияси» ташхиси билан оғриган россиялик Валерий Спиридонов унинг биринчи мижози бўлиши лозим эди, энди эса биринчилик хитойлик беморга ўтган ва унинг исми ошкор этилмаяпти. Операцияга тайёргарлик кўришда Сержионинг хитойлик ҳамкасби Шаопенг Ренг ёрдам беради, мижозни танлаш эса тўғри келадиган донор топилишига боғлиқ.

Операция ўтказиладиган жой ҳам ўзгарди: илгари бош трансплантациясини Буюк Британия ёки Германияда ўтказишни мўлжаллашаётган бўлишса, энди операция Ҳарбин тиббиёт марказида амалга ошириладиган бўлиб турибди. Гарчи бу жарроҳлик амалиётининг келажакдаги муваффақияти ҳанузгача хаёлпарастлик, дея баҳоланаётган бўлса-да, олимлар гуруҳи бир каламушнинг бошини учинчи бир жониворнинг қон оқимидан фойдаланиб, иккинчисига кўчириб ўтказишга муваффақ бўлишди. Учинчи каламуш ёрдамида жарроҳлар каламушларни қон йўқотилиши ва ҳипотермия (совиб қолиш)дан асраб қолишди. Бироқ донор каламуш оғриқларга дучор бўлган.

Уникал операция шу йилнинг декабрь ойига мўлжалланган. Агар операция муваффақиятли тугаса, итальян жарроҳи бош мияни кўчириб ўтказиш йўналишида иш бошлайди. Жарроҳнинг айтишича, бу бошни кўчириб ўтказишдан ҳам осонроқ иш, чунки бу ҳолатда барча қон томирлар, пайлар, мушаклар ва асаб толалари кўчирилмайди. Бошқа бир томондан, мия билан бошқача характердаги муаммо пайдо бўлиши мумкин, масалан бош мия тана «ўзгаргани»га қандай муносабатда бўлиши номаълум, боз устига ўзга бош чаноғининг шакли ҳам бошқача бўлиши турган гап.

Ўз мақсадлари йўлида Сержио Канаверо ўз танасини илм-фан юксалган кунларгача музлатиб қўйишни башорат қилган инсонларнинг миясидан фойдаланмоқчи. Мутахассиснинг фикрича, 2018 йилда музлатиб қуйилган инсонлардан дастлабкилар ҳаётга қайтарилади.