Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бўлиб ўтаётган бокс бўйича катталар ўртасида 29-Осиё чемпионати қизғин паллага кира бошлади. Бугун Ўзбекистон терма жамоасида иштирок этаётган 5 нафар боксчимиз ўз жангларини бошлашади. 

Хусусан, соат 12:00да старт бериладиган кундузги жангларни 56 кг вазн тоифасидаги ўзбекистонлик боксчи Муроджон Аҳмадалиев ва туркманистонлик Мурадов Шодликмурод бошлаб беришади. 

Шундан сўнг, 64 кг вазнли боксчимиз Холдоров Иқболжон ҳиндистонлик Ашишга қарши рингга кўтарилади. 

Соат 18:00да бошланадиган кечки баҳсларни эса, Рио-2016 ғолиби Ҳасанбой Дўсматов (49 кг) шри-ланкалик Паллеҳа Циванкани синовдан ўтказиш билан бошлаб беради. 

Кейинроқ, 75 кгли акробат боксчимиз Исроил Мадримов фаластинлик Абу Дабат Қосимга қарши жанг олиб боради. 

Мазкур жуфтлик ғолиби аниқ бўлгач, рингга яна бир ўзбекистонлик боксчи кўтарилади. 91 кггача вазн тоифасида иштирок этаётган Санжар Турсунов жанубий кореялик Ким Хёнгкю билан кейинги босқич масаласига ойдинлик киритади. 

Шу муносабат билан Кун.uz таҳририяти барча бокс мухлисларини ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлашга чорлаб, спортчиларимизга омад тилайди.