Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва жорий йилнинг 21 февралидаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонларида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўта долзарб масалалар қамраб олингани тизимдаги ислоҳотларнинг нафақат изчил давом этаётгани, айни чоғда, янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

Юқорида қайд этилган ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш мақсадида яқинда қабул қилинган "Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Айтиш жоизки, ушбу қонун асосида "Судлар тўғрисида"ги қонун, Фуқаролик процессуал кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Айниқса, янги қонунда назорат инстанциясини такомиллаштиришга доир ҳуқуқий меъёрларни назарда тутилгани алоҳида аҳамият касб этади. Аниқроқ айтганда, янги қонун билан вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг бир-бирини такрорловчи функциялари қисқартирилиб, нисбатан қисқа фурсатда қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилишнинг процессуал тартиби такомиллаштирилди.

Авваллари назорат инстанциясида ишлар суд раиси ёки прокурорнинг протести асосида кўрилар эди. Мазкур қонун билан эса, вилоят ва унга тенглаштирилган суд раислари ҳамда вилоят прокурорларининг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилинди. Эндиликда назорат тартибида келтирилган шикоят ва протестларни тўғридан-тўғри фақатгина Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати ва Раёсатида кўриб чиқилиши белгиланди.

Ушбу тартибнинг жорий этилгани, аввало, ортиқча оворагарчилик ва беҳуда вақт йўқотишнинг олдини олиш ҳамда низоларнинг қисқа фурсатда қонуний ечим топишига хизмат қилади. Қолаверса, тарафлар ўртасидаги тенглик ва ўзаро тортишув тамойилларини назорат босқичида ҳам қўллаш имкониятини яратади.

Ўтган давр мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан уй-жой, битимлар, меҳнат ва оила муносабатлари билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, бу борада ўзига хос суд амалиёти шакллантирилган бўлса-да, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилни ташкил этар эди.

Янги қонун билан ушбу муддат 3 йилдан 1 йилга, кассация тартибида шикоят келтириш муддати эса, бир йилдан 6 ойга қисқартирилди.

Эътиборлиси шундаки, ушбу процессуал тартиб судларда низоларнинг тез ва қонуний ҳал қилинишига замин яратади. 

Шунинг баробарида ушбу янгиланишлар, судларда иш ҳажмининг камайишига ҳам олиб келади. Натижада ҳар бир ишнинг қонуний ечимини топиш учун судьяда етарли вақт ва имконият пайдо бўлади. Бу, ўз навбатида, суд қарорларининг сифатига сезиларли даражада таъсир қилади.

Дарҳақиқат, мустақиллик халқимизга барча муносабатларда тенглик, ўз тақдирини ўзи белгилаш, мавжуд моддий бойликларни эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тасарруф қилиш ва маънавий бойликлардан тўлиқ фахр ҳиссини туйган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқини берди. Шу билан бирга, жамиятда қарор топган янги иқтисодий муносабатлар, янги қонуниятлар ўз шартларини ҳам кун тартибига қўйди.

Иқтисодий муносабатларда ўрнатилган янгича тартиб барча мулк шаклларининг ҳуқуқий жиҳатдан тенглигини, дахлсизлигини ва қонун орқали ҳимояланишини кафолатлади. 

Фақат бунинг битта шарти бор — иқтисодий муносабат иштирокчиларидан юксак ҳуқуқий маданият талаб этилади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг фаолияти таҳлил қилинганда, фуқаролар мурожаатларининг йил сайин ўсиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бу, ўз-ўзидан, юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлиги муттасил юксалаётганидан, шу омил билан ҳамоҳанг равишда уларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган интилиш тобора ортиб бораётганидан далолатдир.

Айни чоғда, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминламай туриб фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини том маънода муҳофаза қилиш мумкин эмас. Шу боис янги қабул қилинган қонун ҳужжатларида, хусусан, Президентимизнинг юқорида тилга олинган фармонларида суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлаш, суд ишига ҳар қандай аралашувларга буткул барҳам бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. 

Жумладан, умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасида адлия органларининг ваколати ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди ваколатига ўтказилди. Бу ҳам судларнинг ижро ҳокимияти тизимидан чиқиб, мустақиллиги янада таъминланганини кўрсатади.

Тизимда кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилишни такомиллаштириш, юксак ахлоқий ва касбий фазилатларга эга бўл-ган, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшадиган кадрлар заҳирасини шакллантириш масаласига ҳам катта эътибор берилмоқда. 

Қонунда судьялик лавозимига тайинлаш ва сайлаш муддатларига аниқлик киритилиб, судьялик лавозимига биринчи маротаба тайинлаш беш йилга, иккинчи маротаба ўн йилга, сўнг муддатсиз тайинланиши судьялардан ўз касбига бўлган масъулиятни янада оширишларини талаб этади. Шу билан бирга, бундай ёндашув судьяларнинг ёши, малакаси, касб-маҳорати инобатга олинган ҳолда узоқ муддат фидоийлик билан фаолият кўрсатишини кафолатлайди. 

Қисқача айтганда, кейинги даврда суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириши билан бирга, судьяларнинг узоқ йиллар давомида ўз ишини сидқидилдан бажариши учун зарур шароитлар яратмоқда.

Азиз ОБИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот котиби