Филиппин президенти Родриго Дутерте АҚШ президенти Дональд Трампнинг АҚШга келиш таклифи ҳақида ўйлаб кўришини ва ҳали бир тўхтамга келмаганини айтди. Бу ҳақда GMA News нашри хабар бермоқда

Дутерте Трампнинг таклифига режалаштириб қўйилган сафарлар у учун устувор эканлиги ҳамда жадвали жуда зиқлиги билан жавоб берган. "Мен жуда бандман. Мен аниқ ваъда беролмайман, мен Россияга, Исроилга боришим керак", деб айтди Дутерте журналистларга. 

Нашрнинг таъкидлашича, Дутерте Исроилга сафар қилиши ҳақида биринчи бор айтиб ўтди. Дутертенинг айтишича, у Россияга май ойида боради. 

1 май куни Трамп Филиппин президентини АҚШга таклиф қилиб, давлат департаментини ғафлатда қолдиргани ва энди АҚШ маъмурияти ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан танқидга учрашга тайёрланаётгани маълум қилинганди.

29 апрелда икки етакчи телефон орқали мулоқот қилишган.