Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан музокаралари якунлари бўйича жаҳонда популизмнинг ўсиши ва Шарқ ҳамда Ғарб ўртасидаги масофанинг узоқлашиб бораётгани тўғрисида сўзлади. 

"Биз дунёда рўй бераётган воқеалар бўйича фикр алмашдик. Бутун дунёда популизм ўсиб бормоқда. Дин ва жинс бўйича ажратишлар кучаймоқда. Шарқ ва Ғарб ўртасидаги бўлиниш янада яққол намоён бўлмоқда. Айниқса Европада ксенофобия ва маданий ирқчилик заҳар печак каби яққол кўзга ташланмоқда", - деди Эрдўған анжуманда. 

2008 йилдан бери биринчи марта Ҳиндистонга ташриф буюрган Эрдўған "бутун тарих давомида биз турли цивилизациялар бешиги бўлдик" дея қўшимча қилди. 

"Хилма-хилликдан таҳдид каби қўрқиш керак эмас, уларни бойлик каби қабул қилиш керак. Ўйлашимча, Ҳиндистон ва Туркия халқаро ҳамда минтақавий масалалар бўйича чуқур ҳамкорлик ва бирдамликка муҳтож. Глобал тинчлик ва барқарорлик ҳукмрон бўлиши учун Ҳиндистон ва Туркия бир-бирига яқин бўлиши керак", - деди у.

Моди ўз ўрнида халқаро терроризм муаммосига урғу берди. 

"Мунтазам ўсиб келаётган терроризм хавфи бизнинг умумий хавотиримиз объектидир. Бу масалада биз президент билан кенг муҳокама ўтказдик. Бизнинг фикримизча, ҳеч қандай истак, мақсад ёки сабаб терроризмни оқлай олмайди. Дунё мамлакатлари терроризм билан курашда бирдамликда ҳаракат қилиши, молиялаштириш ва чегаралар бўйлаб ҳаракатланишнинг олдини олиши керак. Президент ва мен бу таҳдидга самарали қаршилик қилиш учун икки ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдик", - деди у. 

Эрдўған ўз чиқишида "Туркия терроризм билан курашда доим Ҳиндистон томонда бўлиши ва уни тўлиқ қўллаб-қувватлаши"ни қайд этди.

Музокараларнинг яна бир сиёсий мавзуи БМТ ислоҳоти масаласи бўлди, қўшимча қилди Моди. 

Моди ва Эрдўған музокаралар якуни бўйича уч ҳужжатни имзолашди - 2020 йилга қадар маданий алмашинув режаси, Ҳиндистон ТИВ Ташқи сиёсий хизмат институти ва Туркия дипломатик академияси ўртасидаги англашув меморандуми ҳамда ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилишга оид англашув меморандуми.