Шотландиялик сайёҳ йигит Германиядаги автомобиль йўлларидан бирида тунги вақт дўстлари билан селфига тушмоқчи бўлганда ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий полицияга иқтибос келтирган ҳолда "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги.   

Воқеа 30 апрелга ўтар кечаси Гамбургдан шарқ томонда жойлашган Гудов коммунасида, А24 автомагистралида юз берган. Полиция маълумотларига кўра, 3 йигит йўлнинг нариги томонига ўтмоқчи бўлган. Бироқ улар йўл ўртасида тўхтаб, селфига тушишга қарор қилишган.

Шунда уч дўстдан бири, 22 ёшли йигитни 73 ёшли ҳайдовчи ўзининг Audi A6 машинасида уриб юборган. Дўстлари ўлимидан карахт ҳолга тушган қолган йигитларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Полиция йигитлар маст ҳолатда бўлган бўлишлари мумкинлигини истисно қилмаяпти.

ITV телеканалининг маълум қилишича, ҳалок бўлган йигитнинг оиласи унинг ўлимидан хабардор қилинган. Британия ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, ҳукумат ушбу масала бўйича маҳаллий ҳукумат билан алоқа қилмоқда.