Грецияда бугун биринчи май кунига бағишланган митинг ва намойишлар бўлиб ўтади. 1 май куни жамоат транспортининг бир қисми ишлайди, кема ва поездлар ҳаракати эса тўхтаган.

Грецияда 1 май куни расман байрам муносабати билан дам олиш куни деб эълон қилинганди, бироқ анъанага кўра, касаба уюшмалари бу кунда 24-соатлик иш ташлаш эълон қиладилар. Энг кўп муаммолар жамоат транспорти йўловчиларида келиб чиқади. Афина шаҳрида бутун кун давомида троллейбуслар ҳам юрмайди. Автобус ҳайдовчилари эса соат эрталабки 9.00 дан кечки 21.00 га қадар иш ташлаш ўтказади.

Поездлар ва кўпчилик ороллар билан қатнов учун ягона восита бўлган кемалар ҳам ҳаракатланмайди.

Афина шаҳри марказида эса митинглар ўтказилади. Касаба уюшмалари фуқароларни Клафтмонас майдонида соат 11.00 да йиғилишга чақирмоқда. Тахминларга кўра, митинг ва намойишларда кўплаб инсонлар қатнашади, сабаби ҳукумат янги қаттиқ иқтисодиёт чораларини овоз бериш жараёнига олиб чиқмоқчи.