Индонезиянинг Ява оролида сайёрамизнинг энг кекса одами деб тахмин қилинган қария 146 ёшида вафот этди. Бу ҳақда "Би-би-си" телерадиокорпорацияси хабар бермоқда.  

Содимежо исмли бу эркакнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатида у 1870 йил 31 декабрда туғилгани қайд қилинган. Бу аҳолини қайд қилиш ва ФДҲЁ бошқармасида ҳам тасдиқланган. Бироқ маълум қилинишича, Индонезияда туғилиш 1900 йилдан бошлаб ҳисоб-китобга олина бошланган. Шу сабабли бу даврдан олдин туғилган қариянинг ҳақиқий ёшини ўрнатишнинг ва уни сайёрамизнинг энг кекса вакили деб расман тан олишнинг иложи бўлмаган.

"Гото бобо" сифатида маълум бўлган қариянинг саломатлиги апрель бошида ёмонлашган. Қария бир неча кун шифохонада бўлгач, уйига жўнатилган ва шу ондан бошлаб деярли ҳеч нарса тановул қилмай қўйган.  

"Гото бобо" 10 нафар ака-укаси, тўрт рафиқаси ва барча фарзандларидан кўпроқ умр кўрди. Қария набирасининг айтишича, у 1 май куни бир неча йил аввал ўзи учун ҳозирлаб қўйган жойга дафн қилинди.

FAJAR SODIQ