Апрелнинг сўнгги уик-эндига келиб Европанинг энг кучли бешта чемпионатида дастлабки чемпион номи аниқ бўлди. Кутилганидек «Бавария» бундеслигада ҳеч кимга нон қолдирмади. Англияда «Тоттенҳэм» азалий рақибини мағлубиятга учратди. Францияда «ПСЖ» узоқ йиллик танаффусдан сўнг чемпионликдан қуруқ қолиш арафасига келиб қолди. Уик-энднинг шу каби бир қатор ёрқин воқеиликларини Tribuna.Uz ёдга олиб ўтишга қарор қилди.

Шимолда эсган тескари шамол

Англия премьер-лигаси ташкил этилганидан буён «Тоттенҳэм» Шимолий Лондондаги энг азалий рақиби «Арсенал»дан деярли ҳар бир мавсумда ортда қолиб келган. Сўнгги йилларда ўсишга эришган Почеттино жамоаси «Арсенал»дан энди юқори ўринни эгаллайди деб кутганида барибир «Арсенал» сўнгги турларда бу ишни пучга чиқарарди. Ниҳоят орадан 22 йил ўтиб «Тоттенҳэм» бу анъанага барҳам берди. Айнан Шимолий Лондон дербисидаги ғалаба эвазига «шпорлар» мавсумни «Арсенал»дан тепароқда якунлаш масаларини ҳал қилиб қўйди.

Пешқадам «Челси» эса жорий мавсумдаги топ-7нинг сўнгги жамоасига қарши учрашувни муваффақиятли ўтказиб олди. Лиганинг энг яхши ҳужумчисига эга жамоа уйида дарвоза дахлсизлигини сақлаган Конте жамоаси «Тоттенҳэм» билан орадаги фарқни сақлаб қолди.

Фото: Twitter/@SpursOfficial

Манчестернинг икки жамоаси эса аутсайдерларга қарши кечган учрашувларда очко йўқотди. Моуриньо жамоаси «Суонси»ни қабул қилиб ғалаба қозона олмаган бўлса, Гвардиола ва Ко «Мидлсбро» уйида сўнгги дақиқаларда ғалабадан қутулиб қолди.

Барқарор Испания, барқарор грандлар

Фото: Twitter/@realmadrid

Испания Ла-лигасида икки гранднинг ўзаро ўйинларидан кейин барчаси яна ўз изига тушиб қолди. Албатта бу фақат натижа эътибори билан. Мисол учун «Реал» бу турда «Валенсия»ни сўнгги дақиқаларда Марселонинг индивидуал ҳаракатлари эвазига киритилган гол эвазига мағлубиятга учратди.

Фото: Twitter/@FCBarcelona

«Барселона» эса Каталония дербисида ҳисобни очгунига қадар анча қийналди ва биринчи голни киритиб олгач, буёғини тўғри йўлга сола билди.

Беш карра «Бавария»!

Фото: Twitter/@FCBayern

Германия бундеслигасида сўнгги йилларда анъана ўзгармай келмоқда. «Бавария» бу сафар чемпионат тугашига уч тур қолганда ўша машҳур кумуш «товоқ»ни ўзиники қилиб олди. Бунга ўз навбатида очко йўқотган «Лейпциг» ҳам ёрдам бериб юборди.

Шунингдек бундеслига шарафини келгуси мавсумда ЕЧЛда ҳимоя қиладиган тўртта жамоанинг ҳам номи маълум бўлди. «Бавария» ва «РБ»дан кейин «Ҳоффенҳайм» ва «Боруссия» Дортмунд бу масалани ўзлари учун ижобий ҳал қилишга улгурди.

Императорнинг Рим билан хайрлашуви

25 йиллик проффесионал футболчилик фаолиятидан сўнг Франческо Тотти фаолиятини якунлашга қарор қилди. Жорий мавсум унинг учун сўнггиси бўлади. Ўтган ҳафтада Тотти учун сўнгги Рим дербиси бўлиб ўтди. Расмий мезбон сифатида ҳаракат қилган бўрилар ўз «император»ига совға тайёрлай олмади. Кейта Бальденинг дубли эвазига «Лацио» ғалаба қозонди.

Фото: Eurofootball.com

«Рома»нинг очко йўқотишидан олдинроқ «Ювентус» ҳам очко йўқотганди. Бергамода меҳмон бўлган Аллегри шогирдлари сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол сабаб икки очкодан маҳрум бўлди. Яна бир ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган жамоа «Наполи» эса «Интер» уйида ўта муҳим ғалаба билан ортга қайтди.

Забт этилган Париж

Фото: Eurofootball.com

Франция чемпионатида узоқ танаффусдан сўнг чемпион алмашадиган кўринади. Бир неча йиллар давомида пешқадамликни ҳеч кимга бермай келаётган «ПСЖ» ўтган ҳафтада энг муҳим учрашувни бой берди. Ниццага ташриф буюрган Унаи Эмери шогирдлари Балотелли ва Ко олдида ҳеч нарса қила олишмади. Натижада «Ницца» «ПСЖ» билан фарқни уч очкогача қисқартирди.

«Монако» эса бундан унумли фойдаланиб қолди. «Тулуза»ни енгган монегаскликлар «ПСЖ» билан орадаги фарқни уч очкога етказди. Бундан ташқари жамоа ҳисобида яна битта захира ўйини турибди.

Шунингдек бу ҳафтада Россияда ҳам марказий учрашув бўлиб ўтди. Унда «Спартак» ЦСКА уйида ғалаба қозониб, 18 йиллик танаффусдан сўнг илк марта икки учрашувда ҳам «армиячилар»ни мағлубиятга учратди ва 16 йилдан сўнг илк марта чемпион бўлиш учун яна бир қадам ташлади.

Фото: Twitter/@fcsm_official