Франция президентлигига номзод Марин Ле Пеннинг фикрича, Европа Иттифоқи (ЕИ) тоталитар тузилмага айланган, шу боис у янги иттифоққа айлантирилиши керак. Бу ҳақида у Europe 1 радиостанцияси эфирида маълум қилди

Сиёсатчи ЕИнинг муқобили сифатида "Европанинг эркин ва суверен давлатлар альянси" иттифоқини тузишни таклиф қилди.

"Мен европаликман, бироқ мен Евроиттифоқ дея ном олган ва ўз йўналишини буткул ўзгартирган бу сиёсий тузилма билан ишлашни истамайман. У ҳолда, эҳтимол, унинг номини янгилармиз... Масалан, мамлакатларга лойиҳалар бўйича бирлашиш имконини берувчи, уларнинг миллий манфаатларига тўсқинлик қилмайдиган Европа альянси, чунки ЕИнинг асосий муаммоси - унинг деярли тоталитар тузилмага айланганида", - деди Ле Пен.

Бундан аввал Ле Пеннинг президентлик пойгасидаги рақиби Эммануэль Макрон агар иттифоқ ислоҳотлар ўтказмаса, Франциянинг ЕИдан чиқиши мумкинлиги ҳақида айтганди. 

23 апрель куни Францияда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг биринчи босқичида Макрон - 24,01 фоиз, Ле Пен - 21,3 фоиз овоз тўплади. Сайловларнинг иккинчи босқичи 7 май куни бўлиб ўтади.