Франциядаги президентлик сайловининг иккинчи турида “Олға” ҳаракати етакчиси Эммануэль Макрон 61 фоиз овоз йиғиши мумкин. Бу ҳақда Reuters OpinionWay компанияси сўровига асосан хабар берди. Эслатиб ўтамиз, сайловлар 7 май куни бўлиб ўтади.

“Миллий фронт” номзоди Марин Ле Пен учун эса, тегишли равишда сайловчиларнинг 39 фоизи ўз овозини беради.

Шу билан бирга, сўнгги ҳафтада Макронни қўллаб-қувватловчилар миқдори бир фоизга ошган бўлса, Ле Пенда бу кўрсаткич худди шунча миқдорга пасайди.

Аввалроқ ҳар икки номзод Франциянинг Европа иттифоқида бўлиш масаласи ҳақида ўз фикрини билдирганди. Ле Пеннинг маълум қилишича, ЕИ “тоталитар ташкилот” бўлиб бормоқда, шунинг учун уни ҳар бир давлат қайси лойиҳада иштирок этишини ўзи ҳал қилувчи “Европа альянси” билан алмаштириш лозим. 

Ўз навбатида Макрон ЕИ ислоҳ этилмаса, Frexit – Франциянинг ЕИдан чиқиши (Brexit’га ўхшаш) эҳтимолини истисно қилмади.