Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги идоралари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида муқаддам судланган Содиқова Гўзал фуқаро Қосимованинг ўғлини Тошкент давлат юридик университетига киритиш мақсадида 20 минг АҚШ доллари олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда «1news.uz» хабар бермоқда.

Муқаддам икки маротаба жиноий жавобгарликка тортилган фуқаро Гулметова Озода фуқаро Ерназаровни алдаб, жияни Раҳматуллаевни ҳарбий билим юртларидан бирига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 15 минг АҚШ долларини олаётган вақтда Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура идоралари томонидан унинг ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйилди.

Муқаддам 4 маротаба жиноий жавобгарликка тортилган Мунтазам Усмонова ва муқаддам 9 маротаба жиноий жавобгарликка тортилган Ҳаётхон Одилова фуқаро Оминхўжаевадан ўғли Муҳамедовни Қўқон Давлат педагогика институтига ўқишга киритишни ваъда қилиб, 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Фарғона шаҳар Ҳуқуқшунослик коллежи ўқитувчиси Камолиддин Аҳмедов фуқаро Раззоқованинг уч нафар жиянини ўзи ишлайдиган коллежга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5500 АҚШ доллари талаб қилади. Шундан 1500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида Фарғона вилояти прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда ушланди.

Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи яна бир фуқаро Маҳмудова Зуҳрахон фуқаро Аслонқулованинг ўғли Бўтақўзиевни Ички ишлар академиясига ўқишга киритиб бериш эвазига 40 миллион сўмни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги Тиббиёт коллежида ўқитувчилик қилувчи Самариддин Холбозоров коллежга ўқишга киритишни ваъда қилиб, 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан касб-ҳунар ўқувчиларини ўқишга кўчириш билан боғлиқ ҳужжатлар қалбакилаштириш ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноят Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Тиббиёт коллежи ўқитувчиси Самариддин Холбозоров томонидан содир этилганлиги аниқланиб, у 2014-2016 йиллар давомида фуқаролардан жами 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик билан қўлга киритгани аниқланди. Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168–моддаси  2-қисми “б” банди,  211-моддаси 2-қисми “а” банди ва бошқа моддалар билан айб эълон қилиниб, қамоққа олинди.