АҚШ президенти Дональд Трамп Сингапур ва Таиланд бош вазирлари Ли Сянь Лун ва Прают Чан-Оча билан телефон мулоқоти давомида Шимолий Корея ўз ядровий дастурини ривожлантириши орқали солаётган хавфни муҳокама қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, томонлар Шимолий Кореяга "сиёсий ва иқтисодий босим ўтказиш усулларини" муҳокама қилишган. Трамп, шунингдек, суҳбатдошларини Вашингтонга келишга таклиф қилган.   

29 апрелда Шимолий Корея навбатдаги маротаба баллистик ракета синовини ўтказди. Тахмин қилинишича, синов муваффақиятсиз якунланган. Ракета 40 км чамаси учиб, Япон денгизига қулаган. 

Кейинроқ Трамп Шимолий Корея янги ядровий синов ўтказадиган бўлса, "бундан хурсанд бўлмаслигини" ва АҚШ бунга ҳарбий жавоб бериши мумкинлигини айтган.