Давлат солиқ хизмати органлари томонидан жойларда назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ва тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича жорий йилнинг ўтган даврида 6,5 мингдан ортиқ назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг барчасида турли қоидабузарликлар аниқланган.

Хусусан, текширишларда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш ҳамда хизматлар кўрсатиш, тушумларни банк кассаларига топширмасдан яшириш, тўлов шаклидан келиб чиқиб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ва ҳеч қандай ҳужжатларсиз товарларни ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланган.

Масалан, Сирдарё вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари «SERVIS» масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо шохобчасида ўтказган қисқа муддатли назорат тадбирида мижоз томонидан амалга оширилган тўлов учун 6 минг сўмга харид чеки берилмаганлиги, шохобчага назорат-касса машинаси ва тўлов терминали ўрнатилмаганлиги ҳамда шохобча ғазнасида савдодан тушган 50 млн.сўм миқдоридаги нақд пул борлиги маълум бўлди.

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида якка тартибдаги тадбиркор «Т.Н» харидорга кўрсатилган 25 000 сўмлик хизмат учун пластик карточкадан 30 000 сўм, яъни 5 000 сўм ортиқча ҳақ ушлаб қолган. Бунинг устига у кунлик савдодан тушган 64 500 сўм миқдоридаги нақд пулни назорат-касса машинаси хотирасига киритишни «унутиб» қўйган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди.

Солиқ назорати натижаларига кўра, биргина ўтган ҳафта давомида солиқ қонунчилигини бузган 859 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 

Жумладан:

- бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 20 нафар;

- уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 156 нафар;

- даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 320 нафар;

- автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 191 нафар жисмоний шахслар;

- савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 58 нафар;

- солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 45 нафар;

- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган 23 нафар мансабдор шахслар маъмурий жазога тортилган.

Айни пайтда яратилган енгилликлар туфайли солиққа оид ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, унинг оқибатларини аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат ичида бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 398 нафар тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилди.