Венесуэла президенти Николас Мадуро 30 апрелда оммавий норозиликлар ортида энг кам иш ҳақининг 60 фоизга оширилишини эълон қилди.  

1 майдан бошлаб бу Лотин Америкаси давлатида минимал ойлик аввалги 40638 боливар ўрнига 65021 боливарни ташкил қилади ва асосий озиқ-овқатларни харид қилиш учун ажратиладиган 135 минг боливар билан бирга 200 минг боливарга етади, деб хабар бермоқда Noticias24 портали. 

Шунингдек, илк маротаба 19506 боливар миқдорида қўшимча пенсия тўловлари киритилмоқда.

Энг кам иш ҳақининг жорий оширилиши 2017 йилдаги учинчиси бўлади ва юқори инфляция сабабли амалга оширилмоқда. Ҳозирда Венесуэлада боливарнинг долларга нисбатан бир неча курси амал қилади. Расмий курс бўйича 1 доллар 10 боливарни ташкил қилади, бироқ унинг "қора бозордаги" қиймати 4,2 минг боливарга етмоқда. Бу курс бўйича эса мамлакатдаги минимал ойлик 47 долларни ташкил қилади.