2016 йилда Бош прокуратурада ташкил қилинган Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш марказининг “ишонч телефони”га фуқаролар ва юридик шахслар томонидан юз мингдан зиёд мурожаат келиб тушган, деб хабар бермоқда ЎзА.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 9 миллиард сўм иш ҳақи, пенсия тўловлари, алимент ва бошқа қарздорликларнинг ундирилиши таъминланган. Қонунга зид бўлган ҳужжатларга 400 га яқин протест келтирилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 24 тақдимнома киритилиб, жиддий қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 465 жиноят иши қўзғатилган. 

2017 йилнинг биринчи чорагида мурожаатлар эгаларига 890 миллион сўмдан зиёд иш ҳақи, пенсия тўловлари, алимент ва бошқа қарздорлик суммаси ундирилиши таъминланган. Қонунга зид 72 ҳужжатга протест келтирилган. Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 10 тақдимнома киритилиб, 79 жиноят иши қўзғатилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талабларидан келиб чиқиб, прокуратура органларида мурожаатлар билан ишлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу жараёнда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил устуворлик касб этмоқда.