Ўзбекистон Республикаси президентининг «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарори эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш, балиқчилик ва балиқ овлаш ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этиш мақсадида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ташкил этилади. Унинг таркибига жойларда балиқчилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштирувчи 13 та ҳудудий «Балиқсаноат» масъулияти чекланган жамияти киради. 

Балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ташкилий-технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, балиқ чавоқларини такрор кўпайтириш ва озуқа базани мустаҳкамлаш, табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўлларнинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, балиқ етиштириш жараёнига илмий асосланган усулларни ва интенсив технологияларни жорий этиш «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг асосий вазифалари ва йўналишлари ҳисобланади. 

Бундан ташқари, балиқчилик тармоғида илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш, илмий кадрлар тайёрлаш, илмий ва техник янгиликларни тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига айлантирилди ва Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳамда республиканинг бошқа худудларида унинг филиалларини очиш белгиланди. 

Тармоқ лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш, шунингдек, маслаҳат, ахборот-таҳлил ва маркетинг хизматлари кўрсатиш йўли билан балиқчиликни ривожлантириш дастурлари амалга оширилишига кўмаклашиш учун қарорда «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банкининг инвестицион компаниясини ташкил этиш маъқулланди ва унинг улуши янгидан ташкил этилаётган ҳудудий «Балиқсаноат» масъулияти чекланган жамиятларининг устав фондида камида 51 фоизни ташкил этади. 

Илмий-тадқиқот, селекция ва наслчилик ишларини молиялаштириш, озуқаларнинг замонавий рецептураларини ишлаб чиқиш ва балиқчилик тармоғига илғор технологияларни жорий этишда кўмаклашиш, балиқларнинг касалликлари профилактикаси ва уларни даволаш ҳамда тармоқни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини шакллантириш мақсадида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасида Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасини, унинг ҳудудий «Балиқсаноат» масъулияти чекланган жамиятларини ва уюшма таркибига кирувчи юридик шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 2023 йилнинг 1 январигача уруғ, балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштиришдан, балиқ маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадларидан ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар берилмоқда. Бунда бўшайдиган маблағлар, биринчи навбатда, белгиланган тартибда балиқчилик ташкилотларини иқтисодий қўллаб-қувватлашга, балиқчилик тармоғининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ва соҳа ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

Мазкур қарор билан, шунингдек, балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга, балиқ чавоқлари билан таъминлашга, балиқ етиштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган 2017-2021 йилларда балиқчилик тармоғини янада комплекс ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Юқори маҳсулдор балиқ турларини иқлимлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш ҳисобига балиқларнинг африка лаққаси, тиляпия, форель, венгрия сазани ва осётр турларини кўпайтириш йўлга қўйилади. Бу, ўз навбатида, ички бозорларга узлуксиз равишда кенг ассортиментдаги арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб берилишини таъминлайди. 

Қарорда назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши балиқчилик тармоғининг барча соҳасини қамраб олувчи ва унинг жадал ривожланишини таъминловчи ягона бошқарув тизими ташкил этилишига, янги иш ўринлари яратилишига, балиқ етиштириш ҳажмларини кескин кўпайтиришга, республика аҳолисининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга ва соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашади, дейилган қарорга берилган расмий шарҳда.