Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган товарлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилишлари шарт. Бу талаб олиб ўтилаётган нақд хорижий валюталар ва тамаки маҳсулотларига ҳам бирдек тааллуқли.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари тамаки маҳсулотларини яширин равишда олиб чиқиш мақсадида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга бўлган навбатдаги уринишни фош этишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Гап шундаки, “Тошкент-Истанбул” рейси бўйича парвозга отланган пойтахтлик Хушнода Ярашева хорижда пуллаш учун кўзланган 2 турдаги 550 қути сигаретларни божхона назоратидан яширинча олиб чиқиш мақсадида уларни нонлар орасига яхшилаб бекитади ва кўриниб қолмаслиги учун елим скотч ёрдамида яхшилаб ўрайди. Аммо, назорат-рентген аппарати экранида ушбу сигаретлар кафтдек акс этишини қоидабузар инобатга олмаган эди.

Амалдаги тартибларга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқароларга Ўзбекистонга кириб келиш вақтида божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага олиб кирган валютаси миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Аммо, мазкур тартибларга риоя қилмай, республикамиздан нақд хорижий валюталарни яширин йўллар билан олиб чиқишга уринаётган қўшни давлат фуқаролари ҳам учраб турибди.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг “Қарши-Керки” чегара-божхона пости ходимлари нақд хорижий валюталарнинг яширин олиб чиқилишига доир бир нечта божхона қоидабузарликларини фош қилишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Туркманистон Республикаси фуқароси Б.Бобоназаров ҳам 2150 АҚШ долларини яширинча олиб чиқиш учун ноутбук учун мўлжалланган сумкада кўз илғамас бўшлиғига бекитгани божхона кўриги давомида фош этилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Унинг юртдоши С.Пирханова эса божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида 650 АҚШ долларини багаж туткичлари орасига яширганча олиб чиқиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Бундан ташқари, қўшни давлат фуқаролари Г.Абдиромовага ҳам 600 АҚШ долларини яширинча олиб чиқиш режаси наф бермади.

Эслатиб ўтамиз, муқаддам айни шу постда оёқ кийимлариининг ички қисмига қўшни давлат фуқаролари Х.Гулбоев 2200 АҚШ долларини, С.Джумамурадова эса 500 АҚШ долларини яширганча олиб чиқишга урингани ҳақида хабар берилган эди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.