Спорт билан шуғулланиш ва бадантарбия — миядаги хотира маркази бўлмиш ҳиппокампни янада эластик бўлишига олиб келади ва бунинг натижасида хотиранинг янада равшанлашишига сабаб бўлади, дейилади NeuroImage журналида эълон қилинган мақолада.

«Биз ҳиппокмп қанчалик эластик бўлса, кўнгиллиларнинг хотираси шунчалик яхшиланганига гувоҳ бўлдик. Эластик ҳиппокампни устидан туриб кетилганда ўз шаклини тиклаб олувчи пенопластдан ясалган зич матрасга ўхшатиш мумкин. Агар у янада чўзилувчан бўлиб қолса — хотира ўтмаслашади. Яъни, кўп фойдаланилган матрас эгасининг бадани шаклини ўзига юқтириб, аввалги шаклини «эсдан чиқарганидек», — дейди Делавэр (АҚШ) университети ходими Кёртис Жонсон.

Сўнгги йилларда бир неча тадқиқотчилар гуруҳи спорт билан мунтазам шуғулланиш ва бадантарбия миянинг иш фаолиятини яхшилашини аниқлашган. Масалан, 2008 йилда австралиялик олимлар қарияларда ҳар куни 50 дақиқалик сайр хотира ва концентрацияни яхшилашини аниқлашган, 2015 йилда эса уларнинг италиялик ҳамкасблари жисмоний машқлар жароҳатланиш ёки янги кўникмаларга ўрганишда асаб ҳужайраларига бошқа нейронлар билан янги боғланишлар шакллантиришига ёрдам беришини кўрсатиб беришган.

Жонсоннинг айтишича, бундай ҳиссиётларнинг сабабини аниқлаш шу пайтгача муваффақиятли бўлмаётган эди. Масалан, олимлар бир неча марта машқлар чоғида ҳиппокамп ўлчамларининг ортиши ва болалар ва қарияларда хотира яхшиланиши ўртасида боғлиқлик борлигини аниқлашган. Лекин вояга етган ўрта ёшдагиларнинг ҳам бадантарбия ва велотренежёрда шуғулланишдан сўнг хотираси мустаҳкамланишини тушунтириб бериша олишмаётганди.

Жонсон ва унинг ҳамкасблари бунинг сабаби ҳиппокам ҳажми ва массасининг ортишида эмас, жисмоний зўриқишлар натижасида унинг структураси қандай ўзгаришларга дучор бўлишида эканлигини тахмин қилишган. Бу назарияни текшириб кўриш учун улар нисбатан янги илмий ускуна — магнитли-резонансли  эластограф — акустик тўлқинлар қандай ўтишини кузатиш учун тирик тўқималарнинг эластиклиги ва қайишқоқлигини ўлчовчи қурилмадан фойдаланишган.

Олимлар ярми спортзалларда шуғулланадиган, бошқа ярми уйида доим ётадиган элликка яқин кўнгиллиларнинг мия структурасини таҳлил қилиб кўришган. Бу синовлар вақтида бир неча оддий масалаларни ёддан ечишлари керак бўлган: экранда бир нечта чизиқлар кўрсатилган, тажрибада қатнашаётганлар уларни ёдлаб қолиб, ўрнини айтишлари лозим бўлган.

Кузатишларнинг кўрсатишича, кўнгиллиларнинг хотираси мустаҳкамлиги чиндан ҳам ҳиппокмпнинг ҳажми ва массаси эмас, унинг ички структурасига, спорт билан нечоғлик шуғулланишга боғлиқ бўлиб турган экан. Бундай боғлиқлик тажрибада қатнашган ёшларда ҳам, карияларда ҳам бирдек кузатилган, айниқса, спорт билан мунтазам шуғулланувчи кишиларда ёрқинроқ кўриниш берган.

Бу нима билан боғлиқлигини ҳозирча олимлар тўлиқ аниқлашгани йўқ, бироқ ҳиппокампнинг эластик структураси унда шамоллаш манбалари, қон билан ёмон таъминланган участкалар ва нерв ҳужайраларини озиқ моддалари ҳамда кислород билан таъминланишига доир сурункали муаммоларга сабаб бўлувчи қон айланиш тизимидаги бошқа нуқсонлар камлигидан далолат бериб турибди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳиппокампнинг кам эластиклиги шунингдек, нейродегенератив касалликларнинг палак отиши ва миянинг янги нерв ҳужайралари вужудга келтириш ҳамда улар ўртасида боғланиш шакллантириш хусусиятининг йўқотилиши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.