Сониясига бир неча минг кадрни суратга олувчи юқори тезликдаги камералар анчадан бери қўлланиб келинмоқда. Бундай қурилмалар нархи баланд, албатта, шундай бўлса-да, улар энг тезкор ҳаракатлар ва саҳналарни ҳам майда деталларгача акс эттириш имконини беради. Масалан, ёрилаётган ҳаво шари ёки сувга тушаётган томчи ва ҳ.к. Бироқ видеоёзув тезлигини ёруғлик нури ҳаракатини илғай оладиган даражада ошириш мумкинмикан? Швециялик олимлар объектларни мисли кўрилмаган частотада - сониясига 5 триллион кадргача тасвирга олиш имконини берувчи инновацион технологияни ишлаб чиқишди. Hi-News шу ҳақида маълумот берди. 

Швециянинг Лунда Университети олимлари сониясига 5 триллионгача кадрни муҳрлашга қодир янги камерани намойиш қилишди. Бундан аввалги рекорд японларга тегишли бўлиб, уларнинг қурилмаси сониясига 4,4 триллион кадрни муҳрлай оларди. 

hi-news.ru

Бундай юқори тезликка эришиш учун камера анъанавий съёмка моделидан чекинди. Эндиликда ҳар бир кадр бирйўла бир неча маълумотни ўзида жамлайди. Камеранинг лазер чақмоқлари тасвирга олинаётган объектни бир неча баробарга ёритади. Бундай камеранинг яратилиши олимлар учун янги имкониятларни очади - бундан буён ҳар бир пикосония ва ҳатто фемтосонияда рўй бераётган ҳодисаларни муҳрлаш мумкин, ахир.

Тадқиқотчилар бу камерадан плазма ҳаракатлари, турли кимёвий реакциялар жараёнлари, шунингдек квант ҳодисаларнинг ҳаётий циклини ўрганишда фойдаланишни режалаштиришмоқда.