«Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик» ҳамда «Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият» шиорлари остида ўтказилаётган учрашувлар кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Айни дамда Биргина Марғилон шаҳрининг ўзида 12 нафар улуғ ватан уруши қатнашчилари яшаб келмоқдалар. “Йўрмадоз” МФЙда яшовчи Абдусамат ота Ғуломов ҳам бугун ўзининг 92 баҳорини қарши олди. Айни дамда уруш фахрийси 4 нафар фарзанднинг отаси ва 11 нафар набиранинг бахтли бобосидир. Ўзбекона жасорати, матонати, ватанпарварлиги билан ҳурмат қозонган Абдусамат ота хони байрам арафасида янада файзу тароватга бойиб кетди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ташриф буюриб, Абдусамат отага Президентимиз томонидан йўлланган табрикнома ва эсдалик совғаларини топширди. Отахоннинг кўзидаги қувонч эса шундай дориламон кунларга, қолаверса уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг шукроналик ифодасидир.

Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи Имомназар ота Қурбонов бу йил 103 ёшга тўлиб, кексалик гаштини суриб юрган фахрийлардан. Уларнинг айтаётганлари авлодлар учун ибрат мактаби. Имомназар ота тинч ҳаётда бахтиёр яшаётган одамларни кўрганидан доим хурсанд. Уни ҳам таниш билишлари, шаҳар раҳбарлари, ёшлар ёлғиз қолдиришмайди. Кўплар уруш кўрган отадан тинчликни қадрлаш ҳиссиётини олишга одатланган. Байрам совғаси сифатида Имомназар отага Давлатимиз раҳбарининг табрикномаси, эсдалик совғалари, кўкрак нишони топширилди.

Шаҳардаги “Галатой” МФЙ да яшовчи Зокиржон ота Ғофуров эса бу йил 100 ёшни қарши олиб, ўзининг бир асрлик юбилей тўйини нишонлаганди. Хотира ва қадрлаш куни эса ота учун яна бир тўй-байрамдир. Уруш қандай кулфат эканини ҳали ҳануз ёдидан чиқармайдиган, тинчлик дея, Ватан учун содиқлик руҳияти юз кўзларидан сезилиб турган Зокиржон ота билан суҳбат қурганлар қалбида урушга лаънатлар айтилади. Отанинг ўзи эса истиқлол неъматларига шукроналикдан ортиқ бахт йўқ эканлигини такрор ва такрор айтаверади. Мамлакатимиз Президентининг ҳурмат ва эътиборлари эса уларнинг қалбларига шодликлар олиб киради.

Меҳр – оқибат, қадр ва эҳтиром Ўзбекистонда ҳар доим улуғлаб келинган. Нуроний боболаримиз, момоларимиз бизларга ҳаёт мактабининг бебаҳо устозларидир. Улардан Ватанни севишни, бир қарич тупроғини азиз ва муқаддас билиб, ардоқлаб яшашни ўрганамиз. Зеро, инсон бу ёруғ оламда ўзидан фақат эзгулик ишларини мерос қолдирсагина уларнинг номлари хотиралардан асло ўчмайди. Қарилари доим мусаффо осмонимизни тинчлик қуёши мисол нурларга тўлдираверади.

Аҳрор Зиё Фарғона