Франция президентлиги учун сайловларда “Республикачилар” партиясидан собиқ номзод Франсуа Фийон ўз сиёсий фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. У бу ҳақда Парижда ўз сайловчилари билан учрашувда маълум қилган.

"Мен четга чиқиб, ўша ердан рўй бераётган ҳодисаларни кузатмоқчиман", - дея айтиб ўтди Фийон BFM TV телеканали эфирида. Унинг хабар беришича, июнь ойида бўлиб ўтадиган Миллий йиғилишга сайловларда иштирок этиш истагида эмас. 

Президентлик сайловининг 7 май кунига режалаштирилган иккинчи тури ҳақида гапирган Фийон аввалроқ уни қўллаб-қувватлаган французларни овоз бериш жараёнида “соғлом фикр билан иш тутишга” чақирди. “Миллий фронт”нинг иқтисодиёт соҳасидаги дастури Францияни хонавайрон қилади”, - дея маълум қилган “Республикачилар” партиясидан собиқ номзод.

Эслатиб ўтамиз, 23 апрель куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида сиёсатчи учинчи ўринни эгаллади ҳамда “Олға” ҳаракати етакчиси Эммануэль Макрон ва “Миллий фронт” партияси раҳбари Марин Ле Пенга имкониятни бой берди.