Илгарироқ АҚШнинг Жанубий Кореядаги қўшинлари қўмондонлиги матбуот котиби Роб Мэннинг THAAD аксилракета мудофаа тизимларининг мамлакатда жанговар навбатчи ҳолатга келтирилишини тасдиқлаган эди.

Хитой зудлик билан Американинг THAAD (Terminal High Altitude Area Defense) зенит-ракета комплексининг Корея Республикасида жанговар эксплуатацияга туширилишини тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Хитой ТИВ расмий вакили Гэнг Шуанг баёнот берган.

«THAAD борасида Хитойнинг позицияси ўзгармасдир. Биз бу тизимнинг Корея Республикасида жойлаштирилишига қаршимиз ва тегишли томонларни бу жараённи тўхтатишга чақирамиз. Биз ўз манфаатимизни ҳимоялаш йўлида тегишли чоралар кўришга тайёрмиз», — деган у.

THAAD ер усти тизими баллистик ракеталарнинг парвоз траекториясининг ўрта участкаси ёки мўлжалга етаётган вақтида уриб туширишга мўлжалланган. У АҚШ ҳамда унинг иттифоқчи қўшинларини, шаҳар ва муҳим объектларни ўрта узоқликдаги ва стратегик баллистик ракеталардан ҳимоя қила олади.

2015 йилнинг майида АҚШнинг давлат котибининг қуролланишни назорат қилиш ва битимларга риоя қилишни текшириш масалари бўйича ўша вақтдаги ёрдамчиси Фрэнк Роуз Вашингтон «THAAD бўлинмасини Корея яриморолида доимий асосда ўрнатиш» вариантини ўрганиб чиқаётганлигини маълум қилган эди. Уларнинг бу режасига Хитой ва Россия кескин қаршилик кўрсатмоқда.