Сурхондарёнинг Денов туманида жойлашган болалар боғчасидаги ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди ва барча айбдорлар тегишли жазога тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири Абдусалом Азизов Тошкент шаҳрида Халқаро пресс-клуб томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Шунингдек, таъкидланишича, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудни қўриқлаш, кириш-чиқиш режими, навбатчиликни ташкил этиш бўйича аниқ саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ИИВ ходимлари ҳар кунлик асосда мактабларга ташриф буюриб, ўқув муассасаси раҳбарияти билан хавфсизликни таъминлаш, давомат масалалари бўйича иш олиб боради.

Бундан ташқари, анжуманда айтилишича, қатор мактаблар марказлашган қўриқлаш хизматига уланган бўлиб, кўпчилик мактабларда видеокузатиш қурилмалари ўрнатилган.   

Эслатиб ўтамиз, бундан бир қанча вақт муқаддам Деновда жойлашган боғчадаги ҳолат тасвирланган видеокадрлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб кетганди. Унда боғча тарбиячисининг болаларни аёвсиз жазолаши тасвирланган.