Шимолий Кореянинг маълум қилишича, Америка бомбардимончи самолётларининг Жанубий Кореяда машқлар доирасидаги ҳаракатлари Вашингтоннинг хавфли фитнасидир. Бу ҳақда Reuters Корея Марказий телеграф агентлигига асосан хабар берди.

“Бу бемаъни ҳарбий фитна Корея ярим оролидаги вазиятни ядро урушига қараб етакламоқда”, - дея таъкидлаб ўтган КХДР ҳукумати.

АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма машқлари доирасида иккита ҳарбий самолёт Корея ярим ороли устидан учиб ўтди. Бу ҳолат президент Дональд Трамп маълум бир шароитларда шимолий кореяликлар етакчиси Ким Чен Ин билан учрашишга тайёр экани ҳақида маълум қилганидан сўнг юз берди.

КХДРда маълум қилишларича, АҚШ бомбардимончи самолётлари Шимолий Кореянинг муҳим объектларига бомбалар ташлаш бўйича машқлар ўтказишган.

Шимолий Корея агентлиги фикрича, АҚШ президенти Дональд Трамп ва “америкалик бошқа уруш бошламоқчи бўлган шахслар Шимолий Кореяга огоҳлантирувчи зарба беришга чақирмоқда”.