АҚШ Федерал қидирувлар бюроси ходими бўлган аёл 2014 йилда Сурияга жўнаб кетган ва ИШИД террорчилик гуруҳи жангарисига турмушга чиққан.

CNN’нинг хабар беришича, таржимон Даниэла Грин ўз раҳбариятини қаерга кетаётгани ҳақида алдаган ва ўзининг янги эри Денис Каспертни унга нисбатан тергов бошлангани ҳақида огоҳлантирган.

Грин, афтидан, бир неча ҳафта ўтиб хато қилганини тушуниб етди ва АҚШга қайтиб келди. У ерда эса аёл махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган.

Таъкидланишича, аёл ёлғон кўрсатмалар бериш бўйича ўз айбини тан олган ва икки йилга озодликдан маҳрум қилинган. У 2016 йилнинг ёзида қамоқдан чиққан.

Телеканал маълумотига кўра, Гриннинг турмуш ўртоғи немис рэпери бўлиб, энг нуфузли жангарилардан бири саналган ҳамда ИШИДнинг тарғибот видеороликларида суратга тушган.