2017 йил 2 май куни Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ҳар бир мурожаат эътиборда: Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими бўйича келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. 

Саволлар орасида юқоридаги масала ҳам алоҳида қайд этилди: Қашқадарё вилоятида яшовчи бир беморнинг ошқозон яраси очилиб кетиб, оғир аҳволда қишлоқ ҳудудидан марказга олиб келинди. Шаҳардаги тиббиёт бирлашмаси эса етарлича жой йўқлигини айтиб, вақтинчалик оғриқ қолдирувчи дори воситаларини қўллаб, беморни уйига қайтариб юборган. Бу вазиятда аҳволи оғир беморларни ўрин йўқ, деб қайтариб юбориш қанчалик тўғри?

Бу масалага Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Асилбек Худоёров ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди: 

"Ошқозон ярасининг очилиш ҳолати - ҳаёт учун энг хавфли ҳолат ҳисобланиб, агар ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса бемор вафот этиши мумкин. Республиканинг ҳеч бир тиббиёт профилактика муассасаларида шифокорларнинг "жой йўқ" деган баҳонани айтишга ҳақи йўқ. Бундай муносабат жиноят билан тенгдир. Сабаби марказий шифохоналар 24 соат хизмат қилиши лозим бўлиб, жой танқислиги ҳолати кузатилган тақдирда ҳам қўшимча краватлар келтирилиб, беморга шошилинч тез ёрдам кўрсатиш зарур".

Шунингдек, мутасадди раҳбарлар юқоридаги каби ҳолатлар рўй берганда, беморлар ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, керак бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигинининг ишонч рақамларига қўнғироқ қилиш кераклигини таъкидлаб ўтишди.