Париждаги 1 май намойишлари давомида юз берган тартибсизликлар оқибатида жароҳат олган полициячилар 6 нафарни ташкил қилмоқда, улардан 2 нафарининг аҳволи жиддий. Бу ҳақда Франция ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда. 

"Париждаги 1 май намойишлари профессионал бузғунчилар иштирокидаги кучли тўқнашувларга айланди. Бу кимсаларнинг ягона мақсади ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳужум қилиш, полицияга зарар етказиш, ҳамма ёқни вайрон қилиш бўлган", деб айтди вазир Маттиас Фекл.

Унинг айтишича, аёл полициячилардан бири махсус мослама портлаши оқибатида қўлидан жиддий жароҳат олган, яна бир полициячи ёнувчи аралашмали шиша идиш алангаланиши оқибатида юзидан куйиш жароҳатлари олган. Уларнинг иккиси ҳам шифохонада бўлиб, Фекл улар ёнига ташриф буюрмоқчи.

Фекл осойишта намойишларга раҳна солган безориларни қоралади ва полициячиларга миннатдорчилик билдирди. Вазирнинг айтишича, айнан уларнинг профессионаллиги ва совуққонлиги сабабли безориларни қуршовга олиб, зўравонликни тўхтатишга эришилган.  

Париждаги намойишларда 30 мингга яқин одам иштирок этган. Намойиш бошида юзини яшириб олган бир гуруҳ безорилар пайдо бўлиб, полициячиларни ҳақоратлаб, уларга петарда ва ёнувчи аралашмали шиша идишлар улоқтира бошлашган. Безорилар шунингдек дўконлар пешойналарини синдиришган, автобус бекатларини вайрон қилишган, деворларда бўёқ билан турли ёзувлар қолдиришган. Полиция уларга нисбатан бир неча маротаба кўзни ёшлатувчи газ қўллашга мажбур бўлган.