Россия президенти Владимир Путин ва Германия федерал канцлери Ангела Меркель Сочида музокара ўтказмоқда. Икки давлат етакчиси терроризмга қарши курашиш, Яқин Шарқдаги вазият ва Минск келишувларини амалга ошириш каби асосий халқаро муаммоларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

«Ҳамбургда ўтадиган «йигирмалик» саммитига тайёргарлик қай тарзда кетаётганини бизга билдириш учун юртимизга ташриф буюриш имкониятини топганингиз учун сизга катта ташаккур. Албатта, энг муаммоли нуқталар борасида икки томонлама муносабатлар бўйича мулоқот қилиш учун бизнинг ушбу ташрифдан фойдаланмасдан иложимиз йўқ. Мен Украина, Сурия, яна бошқа минтақаларни назарда тутмоқдаман», — деган Путин.

Меркель эса Россия президенти билан Ливиядаги вазиятни ҳамда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишни мўлжаллаётганини таъкидлаган.

Музокаралар Владимир Путиннинг «Бочаров Ручей» давлат қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. Россия томонидан ТИВ раҳбари Сергей Лавров, президент ёрдамчилари Сергей Ушаков ва Владислав Сурков, ГФР томонидан — ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Кристоф Хойсген, молиявий ва иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчи Ларс-Ҳендрик Рёллер ва Европа сиёсати бўйича маслаҳатчи Уве Корзепиус иштирок этмоқда.

Меркелнинг Россияга ташрифи арафасида немис экспертлари учрашув Бундестагга сайлов арафасида амалга оширилаётганини таъкидлаб, Меркель Москва билан эрилишладиган келишувлардан кўра, ўз сайловчиларида яхши таассурот қолдиришни мақсад қилмоқда, деган фикрга келишган. Россия фанлар академияси Европа Институтининг герман тадқиқоти маркази етакчи илмий ходими Александр Камкин Sputnik радиоси эфирида, ўз навбатида, Меркелнинг дипломатик ходими санкциялар борасидаги сиёсати учун Меркелни анчадан буён танқид остига олиб юрган немис бизнесига ўзига хос ишора бўлади, дея таъкидлаган.

Сўнгги марта Ангела Меркель Россияга роса икки йил муқаддам, 2015 йилнинг 10 майида расмий ташриф билан келган эди. Ўшанда Россия президенти ва Германия канцлери Москвада учрашиб, Россия ва Европа иттифоқининг ўзаро муносабатлари ва Украинадаги вазиятни муҳокама этишган эди.