2017 йил 2 май куни Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ҳар бир мурожаат эътиборда: Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими бўйича келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.  

Тадбир давомида тизимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тартиби, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ва истиқболдаги режалар хусусида маълумот берилди.

Ўтган даврда Ўзбекистон президентининг интернет тармоғидаги электрон қабулхонасига фуқароларимиздан 740 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг қарийб 3,5 фоизи тиббиётга тегишли. 

Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг тиббиётга тегишли қисми

Президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилиш масаласига тўхталадиган бўлсак, шу йилнинг 1 май ҳолатига кўра, давлат раҳбарининг электрон қабулхонасига фуқаролардан тиббиёт соҳаси бўйича тушган жами 25 минг мурожаатнинг қарийб 93 фоизи ўз ечимини топган, 6 фоизи кўриб чиқиш босқичида, қолган 1 фоизини эса аноним мурожаатларни ташкил қилади.

Аҳолининг шикоят ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Эндиликда фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти — www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон рақами орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Таъкидлаб ўтиш ўринли, ҳар бир мурожаат шахсан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни  сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинмоқда ва қонун доирасида ҳал этилмоқда. 

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ишонч  телефони” рақами — 1003 ва вазирнинг виртуал қабулхонаси куну тун халқ хизматида эканлиги алоҳида таъкилаб ўтилди.