Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Каньязов ўзининг асосий лавозимидан ташқари яна бир ишга эга бўлди – у эндиликда адлия вазири ўринбосари вазифасини бажаради. Бу ҳақдаги фармон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Шу билан бирга, Каньязов 2013 йилнинг июлида юридик университетига раҳбарлик қилиш учун вазир ўринбосари лавозимини тарк этганди.

Есемурат Каньязов Қорақалпоғистондан бўлиб, 1993 йилда Москва давлат автомобиль йўллари институтини, 1999 йилда эса – Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган.

1996-1999 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида маслаҳатчи, катта маслаҳатчи, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган бўлса, 1999-2001 йилларда – Ўзбекистон Адлия вазирлигида етакчи маслаҳатчи, бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи лавозимларини эгаллаган.

2001-2005 йилларда Адлия вазирлигининг иқтисодий қонунчилик бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган, 2005-2011 йилларда – вазир ўринбосари, 2011 йилнинг июнидан эса – Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи ўринбосари сифатида меҳнат қилган.