Тошкентдаги Халқаро пресс клубда Ўзбекистон Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов ва вазирликнинг бошқармалари вакиллари иштирокида навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Унда, Ички ишлар вазири ва бошқармалар раҳбарлари маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари саволларига ҳам жавоб қайтарди. 

Хусусан, шундай саволлардан бирида сўнгги вақтларда турли хорижий мамлакатларда келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган кишиларнинг террорчилик актларини содир этиши ва бу билан боғлиқ жараёнда ички ишлар вазирлиги ёки идораларидан зудлик билан маълумот олиб бўлмаслигига доир масала кўтарилди. 

Ички ишлар вазири мазкур саволга жавоб берар экан, Швеция ва Туркияда жиноятларни содир этган террорчилар хусусида ўша давлатлар махсус хизматларига ўз вақтида маълумот берилгани, бундан ташқари, халқаро қидирувга ҳам берилганини таъкидлади. Азизовнинг айтишича, афсуски, Швеция каби давлатлар бу маълумотларга етарлича эътибор бермаган, аксинча, турли важлар билан бу каби шахсларга бошпана беришга уринмоқда. Шу билан бирга, Азизовнинг таъкидлашича, Швецияда пиёдалар устига юк машинасини ҳайдаб юборган Раҳмат Оқилов Ўзбекистонда террорчи бўлмаган, балки Швецияда бўлган вақтида турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган. 

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов. Фото: Халқаро пресс клуб

Шу муносабат билан, Ички ишлар вазирлиги фаолиятига ахборот технологияларини кенг жорий қилиш натижасида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан республика миқёсида ва халқаро қидирувга берилган жиноятчилар ҳақидаги маълумотлар вазирликнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаштириб борилади.