Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов Хива тумани Саёт қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Уллибой Бобожоновнинг хонадонига ташриф буюрди. Ташриф давомида 9 май  – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан барча ўзбекистонлик фахрийлар қатори Уллибой бобога ҳам Президентимизнинг йўллаган табриги ва ташаккурномасини Сарвар Отамуратов ўқиб эшиттирди ҳамда совға-саломларни топширди.

– Биз, уруш қатнашчилари доимо давлатимиз эъзозида эканимиздан беҳад хурсандмиз, – дейди Уллибой бобо. – Президентимиз номидан пул мукофоти ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашинани навбатсиз харид қилиш учун имтиёзли сертификат беришди. Шифокорлар соғлиғимдан хабардор бўлиб турибди. Дунёда тинчликдан азиз бойлик йўқ. Бу бойликни халқимиз қадрлайди. Осойишталик бўлган жойда инсон бахтиёр яшайди. Илоҳим, юртимиздаги тинчлик абадий бўлсин.

Фото: parliament.gov.uz

Бундан ташқари, Қашқадарёда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари хонадонида бўлиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда, кўнгилларини кўтариб, уй юмушларига кўмаклашмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Қарши тумани Боғобод маҳалласида яшовчи уруш қатнашчиси 92 ёшли Очил бобо Тошев хонадонида ҳам бўлди.

– Инсон тарихий хотира туйғуси билан барҳаёт, – дейди “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими раиси Январь Иноятов. – Уруш йилларида вилоятимиздан 47 мингдан ортиқ фуқаро, жумладан, 96 нафар хотин-қиз жанггоҳларда иштирок этган. Уларнинг ярмидан кўпи ортга қайтмаган. Айни пайтда вилоятда 120 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт. Уларга доимий равишда тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ногиронлик аравачаси ва бошқа зарур воситалар ажратилиб, соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу каби эзгу ишлардан фахрийларимиз мамнун бўлиб, юртимиздаги тинчлик-осойишталик бардавом бўлиши, халқимиз фаровонлиги янада юксалишини сўраб, дуо қилмоқда.

Қарши шаҳрининг Боғобод маҳалласида яшовчи Очил бобо Тошев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Урушда уч марта оғир жароҳат олган. Урушдан қайтиб, турли соҳаларда ишлаган. 98 ёшни қарши олаётган Очил бобо бугун фарзандлари, набираю эваралари ардоғида. Урушда орттирилган жароҳатлар битиб кетди, аммо унинг даҳшатли хотиралари ҳамон қалбини тирнайди, кўнглига оғриқ солади. У кунларни эслар экан, нуроний чеҳрасига маъюслик чўкади. Кўзларига ёш қалқади... Бугунги дориломон кунларга шукрона келтиради... 

– Юртимиз доим тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, – дейди Очил бобо. – Биз каби фахрийларга кўрсатилаётган доимий ҳурмат ва эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Очил бобо хонадонига ташриф буюрган Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Феруза Эшматова, туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари отахонга қимматбаҳо совғалар топширди.