Феруз Холиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир неча йил Жанубий Корея Республикасида ишлади. Сўнгги бора борганида бу давлатнинг Йео-жу шаҳарчасига яқин жойдаги қўзиқорин етиштирадиган фермада ишлашга тўғри келди. Бу ерда унга ҳамшаҳри Достон Хайруллаев ҳамроҳ бўлди. Уларга биргаликда эрталаб фермага боришар, кеч тушгач ётоқхонага қайтишар эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ферма хўжайини олтмиш ёшларга кирган, касалманд, ёлғиз киши эди. Йигитлар унинг бой эканлигини билишарди. Улар ўзаро суҳбатларида тезроқ бой бўлиб кетишнинг турли йўлларини қидиришар эди.

-  Битта йўли бор, хўжайиннинг пулини ўмарамиз, - деди Феруз.

-  Қандай қилиб?! – қизиқиб қолди Достон.

Феруз режасини айтди. Улар ўзлари учун зарур жиҳозлар – пичоқ, скотч, арқон кабиларни бир сумкага солишди.

Ўша куни улар иш тугагач, бошқаларнинг кетишини кутишди. Атрофга қоронғулик чўккач, ферма ичидаги иссиқхонага кириб яширинишди. Ферма хўжайини ишчилар кетгач, фермани кўздан кечиришини яхши билишарди.

Йигитлар панада кутиб туришди. Ферма эгаси уларга яқинлашганда ҳужумга ўтишди. Кекса киши икки йигитнинг ҳамласидан йиқилиб тушди. Йигитлар уни уриб-тепиб, роса дўппослашди. Кейин оёқ-қўлини боғлаб ташлашди.

-  Бизга пул керак?! – очиқчасига мақсадга ўтди улар. – Қани пулларинг?

Оғир жароҳатлардан қийналаётган ферма хўжайини ҳансираб, пуллари йўқлигини, бори ҳам пластик карточкада эканлигини тушунтирди.

Феруз унинг чўнтагидан пластик карточкани тортиб олди. Кодини сўради. Жим турган “асир”нинг юзига мушт туширди.

-  Айт, паролни? Ҳозир ўласан! Қанча пул бор бунда?

Ферма эгаси рақамни ва унда анчагина катта пул борлигини айтди. Уни тинч қўйишларини ёлвориб сўради.

-  Энди бунинг бизга кераги йўқ. Ўлдириб юборамиз, - Феруз шундай деб шеригига арқонни узатишни буюрди. Улар ферма эгасининг оғзи ва бурнини скотч билан ёпиб ташлашди. Бўйнига арқон солиб, нафас олмай қолгунча бўғишди. Сўнг, фермадан анча олисроққа олиб бориб, кўмиб ташладилар.

Сўнг ижара уйларига қайтиб, кейинги режаларни пишитиб олишди.

-  Сен эрталаб Сеулга борасан, пластик карточкада қанча пул борлигини аниқлайсан. Мен нақдлаштириш йўлларини излайман, - деди Феруз.

Эрталаб банкка борган Достон ферма эгасининг пластик карточкасида 59 млн. Жанубий Корея вони борлигини хабар қилди.

-  Буни долларга айлантирсак, катта пул бўлади, - деди Феруз ҳовлиқиб.

Улар турли йўллар билан пластик карточкадаги маблағни ечиб олишди. Ва АҚШ долларига айлантириб, Самарқанд шаҳрига юборишди.

Ўзлари ҳам жиноятлари очилиб қолмасдан зудлик билан қайтиш тадоригини кўришди.

Самарқандга қайтиб келган шоввозлар енгил нафас олишди, ҳеч нима билмагандай юраверишди.

Бироқ, Корея ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари қотилликдан хабар топиб, бу икки кимсага нисбатан қидирув эълон қилишди.

Қотиллар Самарқанд шаҳрида қўлга олинди ва суд ҳукмига кўра иккаласи ҳам 19 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.